Қўқондаги газ қуйиш шохобчаси МИБ томонидан аукционга чиқарилди

21:40 | 6 дақиқада ўқилади.

Ушбу объектнинг баҳоси 14 миллиард 691 миллион сўм этиб белгиланган. Жиззахда ҳали ишга тушмаган Метан заправка бино-иншоотлари хатланди. Ушбу мулк ҳам аукционда сотилиши мумкин.

MibФото: cda.uz

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Қўқон шаҳар бўлими томонидан солиқ қарздорлиги сабабли хатланган газ қуйиш шохобчаси электрон аукцион савдосига қўйилган. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қайд этилишича, ҳозирда 14 миллиард 691 миллион сўмга баҳоланган ушбу шохобча бундай катта қарзга тушиб қолишига нима сабаб бўлгани очиқланмаган.

Умумий олганда Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан жорий йилда иш юритувда 6 минг 941 номулкий турдаги ижро ҳужжатлари бўлиб, шундан 948 таси ноқонуний қурилмани бузиш, 1,5 мингдан зиёди уйга киритиш ёки чиқариш, 1,5 мингга яқини бола олиб бериш ёки бола билан учраштириш, 255 таси ишга тиклаш ва 3 мингга яқини бошқа номулкий турдаги ижро ҳужжатларини ташкил этган.

Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида 2 минг 832 ижро ҳужжати бўйича якуний қарорлар қабул қилинган. Шундан 1,5 минг ижро ҳужжатининг ижроси амалда тамомланган.

Мисол учун, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг ижро варақасига асосан “Заргарлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган ноқонуний қурилган дўкон бузилиб, ер майдони ўз ҳолига қайтарилган.

Бюронинг Жиззах вилояти бошқармаси ҳамда ҳудудий бўлимлари томонидан мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздорларнинг мулклари хатланган. Ижро талаби бажарилмаганидан кейин мулклар мусодара этилган.

Бундай мулклар эса савдо ярмаркалари ташкил этиш орқали сотилиб, тушган маблағ қарздорликларни қоплашга йўналтирилмоқда. Шундай ярмаркалардан бирида мусодара қилинган телефонлар арзон нархларда сотилди. Савдо аҳоли гавжум жойларда ўтказилиб, харидорларга тегишли ҳужжатлар расмийлаштириб берилган

Бошқа бир ҳолатда эса Қўқон шаҳар электр таъминоти корхонаси Қўқон шаҳар сув таъминоти корхонасига бўлган 600 миллион сўмлик қарздорликни 5 кунлик муддатда ихтиёрий равишда қоплаб берган.

Ташкилотлар ўртасидаги муҳим молиявий масала бюро аралашуви билан муддатидан олдин ҳал этилган.

Бюронинг Андижон вилояти бошқармаси ходимлари томонидан қарздор шахсга кредит қарздорлигини тўлаши зарурлиги ҳақида бир неча маротаба огоҳлантириш берилган. Бироқ қарздор ўз зиммасига олган мажбуриятини бажармаган ва белгиланган муддатларда тўловларни амалга оширмаган.

Суднинг ижро ҳужжатига мувофиқ, тадбиркор М.А.дан ундирувчи “Ўзсаноатқурилишбанк” фойдасига 148,4 миллион сўм кредит қарздорлигини ундириш белгиланди. Ижро ҳужжати талаблари ижроси таъминланиши учун бошқарма ходимлари қарздорга яна бир бор расмий равишда огоҳлантириш берди. Аммо у барибир қарзини тўлашдан бўйин товлаган.

Шу сабабли, қонунчилик талабларига мувофиқ, жавобгарга тегишли бўлган Балиқчи туманидаги тураржой биноси хатланган. Ҳозирда мазкур хонадон 175 миллион сўм бошланғич қийматда электрон онлайн-аукцион савдосига қўйилган.

Жиззах вилояти солиқ бошқармасининг “B.H” масъулияти чекланган жамиятидан ижро ҳужжатлари бўйича 324 миллион сўм солиқ қарзини ундириш бўйича ижро варақаси бюронинг Шароф Рашидов тумани бўлими иш юритувига келиб тушган.

Давлат ижрочилари томонидан қарздорнинг ҳисоб рақамларига банд солиниб, барча мол-мулкларига тақиқ ўрнатилган.

Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздорга тегишли ишга тушмаган Метан заправка бино-иншоотлари хатланган. Қарздорлик тўлиқ бартараф қилинмаган тақдирда, ушбу мулк аукцион савдосида сотилиб, тушган пул қарздорликка йўналтирилади.