Қозоғистон алоҳида ислом банкларидан универсал банкларга мавжуд лицензия доирасида «исломий дарчалар» форматида ислом банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини беришга ўтишни режалаштирмоқда.
«Ҳозирги кунда Қозоғистонда исломий банк фаолиятини юритишга фақат алоҳида исломий банк ташкил этиш орқали рухсат берилади. Қонун лойиҳаси («Банклар ва банк фаолияти тўғрисида») билан универсал банкларга мавжуд лицензия доирасида «исломий дарчалар» форматида исломий банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини бериш назарда тутилган», — дея таъкидланади Қозоғистон Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги хабарида.
Маълумотларга кўра, ҳозирда Қозоғистонда иккита ислом банки фаолият юритмоқда —чет эл банки «Абу-Даби тижорат банки» ва Қозоғистоннинг «Zaman Банк» банки. Уларнинг банк тизими активлари ва кредит портфелидаги умумий улуши 0,5 фоиздан камни ташкил этади.
«Исломий дарчалар» модели банкларга алоҳида банк ташкил этиш заруратисиз ўз тузилмасида исломий маҳсулотларни таклиф этувчи махсус бўлинмалар яратиш имконини беради.
Маълумотда таъкидланишича, бу модель исломий фаолиятни ташкилий жиҳатдан ажратиш, активлар ва мажбуриятларни алоҳида ҳисобга олиш ва бошқариш, махсус ходимларни ажратиш, шунингдек молиявий маҳсулотларни тасдиқлайдиган ҳамда аудит ўтказадиган шариатга мувофиқлик кенгашини ташкил этишни назарда тутади.
Маълумот учун, Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини йўлга қўйишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳа 16 сентябр кунги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқилди.
Мажлисда Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев мамлакатда исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун алоҳида лицензия жорий этилишини билдирди. Ушбу лицензияга эга банклар томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган молия операциялари ҳам аниқ белгилаб берилмоқда. Унга кўра, мустақил равишда исломий банк очиш ёки мавжуд банк таркибида исломий хизматлар кўрсатиладиган бўлим ташкил этиш имкони яратилади. Ушбу лойиҳа билан Солиқ ва Фуқаролик кодекслари ҳамда яна 8 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Жумладан, қонунчиликка “исломий банк”, “молия операциялари”, “исломий молия стандартлари” ва “инвестициявий депозит” каби тушунчаларни киритиш кўзда тутилмоқда.