Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган Smartbank ўз номини Openbank’га ўзгартирди. Бу ҳақда Банк матбуот хизмати маълум қилди. Маълумотларга кўра, молия муассасаси эндиликда янги ном остида иш олиб боради, мижозларга хизмат кўрсатиш эса амалдаги тартибда сақланади.
Банкнинг расмий сайти openbank.uz домени орқали ишлай бошлади, шунингдек, Telegram канали ҳам ребрендингга мос равишда янгиланган. Масъулларнинг таъкидлашича, хизмат кўрсатишда ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди ва банк янги имкониятлар яратишда давом этади.
Банк номини ўзгартириш тўғрисидаги қарор жорий йил 17 июнда акциядорларнинг йиллик йиғилишида 100 фоиз кворум билан қабул қилинган. Таъсисчилар бир овоздан янги ном сифатида Openbank’ни маъқуллаган.
Маълумотларга кўра, банк акцияларининг 85,1 фоизи Future Open Technology Group компаниясига тегишли. Шунингдек, Комилхўжа Султонов 10 фоиз, Зафар Адилов эса 4,9 фоиз улушга эга.
Эслатиб ўтамиз, Марказий банк Smartbank’га 2022 йил декабрда лицензия берган. У Туркистон Банк ва Hi-Tech Bank лицензиялари бекор қилинганидан кейин очилган биринчи банк бўлган. Ребрендинг орқали молия муассасаси рақамли хизматлар соҳасида ўз позициясини мустаҳкамлашни мақсад қилмоқда.