Бошқирдистон ҳокимияти 18 сентябр куни эрталаб Россиянинг энг йирик нефт-кимё мажмуаларидан бири бўлган «Газпром нефтехим Салават» корхонасига дронлар ҳужумидан сўнг ёнғин бошлангани ҳақида хабар берди. 2024 йил май ойида ушбу корхонага аллақачон дронлар ҳужум қилган эди.
Республика раҳбари Радий Хабиров ҳозирги ҳужумни «террорчилик» деб баҳолади. Унинг айтишича, зарба оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар йўқ. Корхона қўриқчилари дронларни мустақил равишда уриб туширишга уринган — буни қандай амалга оширгани аниқ эмас. Хабиров тафсилотларни «бироз кейинроқ» маълум қилишни ваъда берди.
Украинанинг Exilenova+ Telegram-канали маълумотларига кўра, Салават шаҳридаги корхонада нефтни дастлабки қайта ишлаш қурилмаси зарарланган.
Канал шаҳардан олингани таъкидланган бир нечта сурат ва видеоларни эълон қилди. «РБК-Украина» нашрининг Украина Хавфсизлик Хизматидаги манбаси Бошқирдистондаги нефт-кимё заводига ушбу идора дронлари ҳужум қилганини маълум қилди.