Саудия Арабистонидаги Макка шаҳрида умра ибодатини адо этган 50 нафар ўзбекистонлик зиёратчи қайтиш чиптасисиз қолиб, қийин аҳволга тушгани маълум қилинди. Улар сайёҳлик фирмалари орқали сафар қилган бўлиб, дастлаб 15 сентябр куни Ватанга қайтиши керак эди. Бироқ чипталар вақтида сотиб олинмагани сабабли зиёратчилар режалаштирилган куни йўлга чиқолмади.
Мазкур ҳолат ҳақида Ўзбекистон фуқароси Бош консулхонага мурожаат қилиб, уларнинг юртга қайтишида амалий ёрдам сўради. Зиёратчилар орасида асосан кекса ёшли ва аёллар бўлгани учун вазиятда хавотир кучайган.
Бош консулхона вакиллари сайёҳлик компанияси масъуллари билан музокара ўтказиб, улардан зиёратчиларни хавфсиз ва тез орада юбориш чораларини кўришни талаб қилди. Компания вакиллари муаммо авиачипталарни таъминловчи ҳамкорлар билан боғлиқ тўсиқлар сабаб содир бўлганини маълум қилди.
Консулхона назорати остида зиёратчилар вақтинча Маккадаги «Samaa Al-Misk Hotel» меҳмонхонасига жойлаштирилди. Шунингдек, компанияга зиёратчиларни турар жой ва чипталар билан таъминлаш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди.
Олиб борилган музокаралар натижасида муаммо ҳал қилинди. Сайёҳлик фирмаси зарур чипталарни харид қилиб, зиёратчилар 17 сентябр куни «Fly Khiva» авиакомпаниясининг «Мадина – Тошкент» йўналишидаги рейси орқали Ўзбекистонга қайтарилди.