China Eastern Airlines авиакомпанияси янги, дунёдаги энг узоқ масофали тўғридан тўғри парвозни амалга оширишни бошлади. Парвоз Шанҳайдан Буэнос Айресга уланади ва бориш 25,5 соат, қайтиш йўналиши эса 29 соат давом этади. Бироқ, иккала йўналишда ҳам Янги Зеландияда икки соатлик трансфер мавжуд, бу пайтда йўловчилар самолиётдан тушиш ва дам олишлари мумкин.
Йўналиш бўйича парвозлар Boeing 777-300ER самолётида ҳар ҳафта икки марта амалга оширилади. Илк парвоз 4 декабрдан бошланади.
Авиакомпания вакиллари, Шанҳай Пудун—Окленд—Буэнос-Айрес йўналишини янги «Ҳаво ипак йўли» сифатида кўрмоқда, бу янги йўналиш Осиё-Тинч океани минтақаси ва Жанубий Америка орасида муҳим қадам деб ҳисобланмоқда.
Skyscanner веб-сайти маълумотларига кўра, ҳозир Шанҳайдан Буэнос-Айресга энг тез парвозлар Париж ёки Амстердамда трансфер билан тахминан 31 соатга чўзилади. Қайтиш йўналишда эса 28 соатдан 33 соатгача бўлган вариантлар мавжуд.
Аввалроқ China Eastern Airlines Ўзбекистонга мунтазам рейслар амалга ошириш учун рухсатнома олгани ҳақида хабар берган эдик.