Онлайн тиклаш мумкин бўлган «права», арзон Тошкент ва Мирзиёевнинг АҚШдаги режалари — 19 сентябр дайжести

22:00 | 8 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Dayjest

Ҳайдовчилик гувоҳномасини онлайн тиклаш хизмати йўлга қўйилди

ЯИДХП матбуот хизмати маълумотига кўра, энди фуқаролар my.gov.uz сайти орқали «Ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш» хизматини танлаб, «Йўқолган ҳайдовчилик гувоҳномасини тиклаш» бўлимида ариза топширишлари мумкин. Хизмат учун тўлов миқдори 370 800 сўм этиб белгиланган. Шунингдек, гувоҳномани почта орқали танланган манзилга етказиб бериш хизматидан ҳам фойдаланиш мумкин бўлиб, бунинг учун қўшимча 25 000 сўм тўланади.

Янги тартибда аризалар 1 иш кунида кўриб чиқилади. Агар почта орқали етказиб бериш хизмати танланса, умумий муддат 3 иш кунигача чўзилиши мумкин.

 

Ўзбекистонда тақиқланган экстремистик материаллар рўйхати эълон қилинди

Олий суд матбуот хизмати хабарига кўра, рўйхатда ижтимоий тармоқлардаги турли канал ва гуруҳлар, шунингдек нашидалар ҳамда айрим китоблар номлари кўрсатилган. Унга кўра, мамлакат ҳудудига бундай контентни олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш мутлақо тақиқланади.

Ушбу рўйхатга киритилган материаллар экстремизм, терроризм ва диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, деб топилган. Шу сабабли, Дин ишлари бўйича қўмита фуқаролардан дуч келган электрон китоб, мақола ва иловаларни, текширилмаган фото ва видео материалларни юклаб олмаслик ҳамда шубҳали аудиоларни тингламасликни сўраган.

 

Тошкент дунёнинг энг арзон шаҳарларидан бири деб топилди

Жорий йилнинг биринчи ярмида эълон қилинган «Numbeo» портали рейтингга кўра, Тошкентда 4 киши учун уй-жой ижарасисиз ўртача ойлик харажатлар 23 млн 39 минг сўмни, ёлғиз яшовчи шахслар учун эса харажатлар 6 млн 437 минг сўмни ташкил қилади.

Шунингдек, рейтингда Олмаота (Қозоғистон) марказий Осиё шаҳарлари орасида яшаш учун энг қиммат шаҳар деб топилган. Олмаотада яшаш қиймати индекси 29,4 пунктни ташкил этиб, уни жаҳон бўйича 346-ўринга олиб чиққан. Тошкент эса 26,2 индекс билан 370-ўринда турибди. Бу индекс Ню-Йорк шаҳрига қараганда 72,2 фоиз арзонроқ.

 

Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ сафари кун тартибидан нималар жой олган?

Президент Шавкат Мирзиёев 23 сентябр куни Ню Йоркда бўлиб ўтадиган БМТ Бош ассамблеясининг 80-сессиясида чиқиш қилади. Доналд Трамп ҳам шу куни сўзга чиқади.

Ташриф олдидан, 22 сентябр куни давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирокида БМТнинг 80 йиллигини нишонлаш учун олий даражадаги учрашув ўтказилиши режалаштирилган. 23 сентябрда эса жаҳон етакчилари глобал муаммолар бўйича ўз позициялари ва устувор йўналишлари ҳақида баёнотлар беришади. Шавкат Мирзиёевнинг чиқиши ҳам 23 сентябрга белгиланган.

Ташриф олдидан, Вашингтондаги АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг Рэйберн биносида ҳамда БМТнинг Ню-Йоркдаги бош қароргоҳида президент Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли» китобининг тақдимотлари бўлиб ўтди. Тақдимотларда Ўзбекистон ҳукумати аъзолари, парламент ва турли ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этди.

 

Ўзбекистон ЖСТга қўшилиш бўйича яна 3 давлат билан келишувга эришди

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида яна бир қадам олға силжиди. Женевада Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашиб, ислоҳотлар ва қўшилиш жараёнидаги масалаларни муҳокама қилди. Шу куни Аргентина, Австралия ва Ҳондурас билан бозорга кириш бўйича икки томонлама протоколлар имзоланди. Президентнинг ЖСТ бўйича вакили Азизбек Ўрунов бу келишувларни Ўзбекистоннинг халқаро савдо тизимига интеграцияси йўлида муҳим қадам сифатида баҳолади. 

Айни вақтда Ўзбекистон 29 та давлат билан келишувларни якунлади, яна иккиси ҳужжатлаштириш арафасида. Якуний босқичда учта давлат қолмоқда ва Ўрунов буни «тескари ҳисоб учтага камайди» дея таъкидлади. Илгари 33 мамлакат билан музокаралар олиб борилган бўлиб, 24 таси муваффақиятли якунланган эди. Мақсад — йил охирига қадар барча келишувларни тўлиқ якунлаш.