Марказий банк криптовалюталарни олтин-валюта захираларига киритиш ғоясини рад этди. Бу ҳақда Spot регуляторнинг Халқаро резервларни бошқариш департаменти раҳбари Санжар Валиевга таяниб, маълум қилди,
«Мамлакат ривожлангани сари турли валюталар ва активлар, жумладан, криптовалюталар ҳам киритила бошланди. Лекин биз бунга ҳали тайёр эмасмиз: юқори волатиллик олтин-валюта захираларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Криптовалюталарнинг спекулятив хусусияти туфайли уларни захираларга киритиш мақсадга мувофиқ эмас. Бошқа давлатлар тажрибасига қарайдиган бўлсак, улар турли инструментларни синовдан ўтказиб, захираларни етарлича диверсификация қилгандан кейингина бунга келишган», — деган у.
Санжар Валиевнинг таъкидлашича, Марказий банк криптовалюталар қийматининг кескин ўзгариши сабабли уларни олтин-валюта захираларига киритиш масаласига жуда эҳтиёткорлик билан ёндашиши керак, бу эса халқаро активлар барқарорлигини сақлаш мақсадига зиддир. Бошқа кўплаб регуляторлар ҳам криптоактивларни сотиб олишдан воз кечишга моил, дея қўшимча қилган у.
Марказий банк департаменти раҳбари дунёда рақамли активларни эркин сотиб олиш ва сотиш имконини берадиган етарли ликвидлик ва иштирокчилар сонига эга тўлақонли криптовалюта бозори мавжуд эмаслигини таъкидлаган.
«Ҳа, айтиш мумкинки, сўнгги пайтларда крипто бозори ишонч тарзда ўсиб бормоқда. Бироқ, бу захирага киритилган бошқа активлар билан таққослаб бўлмайдиган даражада. Бу мутлақо номутаносиб нарсалардир», — дея хулоса қилди Валиев.