Шавкат Мирзиёев келгуси ҳафта Ню-Йоркдаги БМТ Бош ассамблеясининг юбилей сессиясида иштирок этади. Юбилей сессия «Биргаликда яхшироқ: тинчлик, тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари учун 80 йил ва ундан кўпроқ» шиори остида ўтказилади.
Ташриф олдидан, 22 сентябр куни давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирокида БМТнинг 80 йиллигини нишонлаш учун олий даражадаги учрашув ўтказилиши режалаштирилган. 23 сентябрда эса жаҳон етакчилари глобал муаммолар бўйича ўз позициялари ва устувор йўналишлари ҳақида баёнотлар беришади. Шавкат Мирзиёевнинг чиқиши ҳам 23 сентябрга белгиланган.
Ташриф олдидан, Вашингтондаги АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг Рэйберн биносида ҳамда БМТнинг Ню-Йоркдаги бош қароргоҳида президент Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли» китобининг тақдимотлари бўлиб ўтди. Тақдимотларда Ўзбекистон ҳукумати аъзолари, парламент ва турли ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этди.
Бу юбилей сессияси БМТнинг барча аъзолари учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, жаҳон миқёсида тинчлик, тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муҳим қарорлар қабул қилинади.
Аввалроқ АҚШ Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббос ва яна 80 нафар фаластинлик расмийнинг визасини бекор қилган эди. Бу қарор туфайли Фаластин Ню Йоркда бўлиб ўтадиган БМТ бош ассамблеяси йиғилишида иштирок эта олмайди. Фаластин номидан Туркия сўзга чиқади, ушбу қарор Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос билан учрашувида эълон қилинди. Эрдўған Туркия бундан кейин ҳам барча платформаларда Фаластин масаласини кўтаришини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга сафари кўзланаётгани ҳақида аввалроқ хабар қилган эдик.