«Толибон» Афғонистон университетларида аёллар ёзган китобларни тақиқлади

17:31 | 3 дақиқада ўқилади.

Афғонистонда «Толибон» ҳукумати олий таълим муассасалари дастуридан аёллар томонидан ёзилган китобларни чиқариб ташлади. Бу қарор «шариат ва ҳаракат сиёсатига зид» дея изоҳланди.

Taliban womens1

«Толибон» ҳукумати 140 га яқин китоб, жумладан «Кимё лабораториясида хавфсизлик» қўлланмаси «хавотирли» деб топилган 680 та манба рўйхатига киритди. Шу билан бирга, университетларда 18 та фан таълимдан олиб ташланди, улар орасида «Гендер ва ривожланиш», «Мулоқотда аёлларнинг роли» ва «Аёллар социологияси» каби йўналишлар бор.

«Толибон» ҳукуматининг сўнгги қарорлари нафaқат аёллар ёзган асарларга, балки Эрон муаллифлари ва нашриётларида чоп этилган китобларга ҳам қаратилган. Университетларга юборилган 50 саҳифали рўйхатда 679 та ном мавжуд бўлиб, шундан 310 таси Эронда нашр этилган.

Шу ҳафтада «Толибон» олий раҳбарининг топшириғига кўра, камида 10 та провинцияда оптик толали интернет ҳам чекланди. Расмийлар буни «ахлоқсизликнинг олдини олиш» билан изоҳлади.

Афғонистондаги мазкур чекловлар аввало аёллар ва қизларга кучли таъсир кўрсатмоқда. Уларга олтинчи синфдан кейин таълим олиш тақиқланган, 2024 йил охирида эса акушерлик курслари ҳам ёпилди. Бундан олдин «Толибон» аёлларга юзи очиқ ҳолда кўчага чиқиш, жамоат жойларига бориш ва салонларда ишлашни ҳам ман этган эди.

БМТнинг глобал таълим бўйича махсус вакили Гордон Браун халқаро жиноят судини Афғонистондаги аёллар ва қизларни кamsитгани учун «Толибон»ни жавобгарликка тортишга чақирди.

Аввалроқ Толибон раҳбарияти бутун мамлакат бўйлаб оптик толали интернет тармоғини тўхтатиб, Мозори Шарифда Wi-Fi хизматларини узиб қўйган эди.