Президент қарори билан Тошкент шаҳрида Н.Э. Бауман номидаги Москва давлат техника университети филиалини ташкил этилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Қарорга кўра, филиал фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
— муҳандислик соҳасида инновацион ёндашувларни қўллай оладиган, чуқур илмий-техник билимларга эга бўлган юқори малакали кадрларни тайёрлаш;
—муҳандислик соҳасида фундаментал ва амалий илмий-тадқиқотлар ўтказиш.
Университетда таълим фаолияти 2026/2027 ўқув йилидан бошланади. Филиалга талабаларни ўқишга қабул қилиш давлат гранти ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
2025/2026 ўқув йилидан Москва давлат техника университети ва Тошкент давлат техника университети ҳамкорлигида магистратура мутахассисликлари бўйича қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
Филиал битирувчиларига Ўзбекистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Университетнинг белгиланган намунадаги дипломи берилади.