Reuters манбасига кўра, Европа комиссияси янги санкциялар тўпламида Россияда ишлаб чиқарилган суюлтирилган табиий газ (СТГ)га қарши тақиқни жорий қилиш муддатини илгарилаш таклифини муҳокама қилмоқда. Ушбу тақиқ дастлаб 2028 йилдан амалга киритилиши режалаштирилган эди. Энди эса у 2026 ёки ҳатто 2027 йилга сурилиши мумкин.
Еврокомиссия санкцияларнинг 19-тўплами лойиҳасини 19 сентябр куни аъзо давлатларга тақдим этиши кутилмоқда. Илгари бу тақдимот бир ҳафта аввал бўлиши керак эди, аммо АҚШдаги музокаралар туфайли кечиктирилган.
Вашингтон Европа иттифоқчиларига Россия нефти ва газидан тўлиқ воз кечиш, Хитой ва Ҳиндистонга тарифлар жорий этиш бўйича босимни кучайтирмоқда. Шу билан бирга, G7 ва НАТО мамлакатларига, жумладан, Россия нефтини сотиб олишда давом этаётган Туркияга ҳам талаблар қўйилмоқда.
Европа парламенти июль ойидаёқ газ импортидан воз кечиш муддатини 2027 йил январга кўчиришни муҳокама қилган. АҚШ энергетика вазири Кристофер Райт эса сентябрда Европанинг 2026 йил охиригача Россия газини тўхтатиш мажбуриятини эълон қилган. АҚШ Россия ўрнини тўлдиришга тайёр эканини билдирган.
Бироқ Европа ичида эҳтиёткорона фикрлар ҳам йўқ эмас. Франциянинг TotalEnergies раҳбари Патрик Пуянн Россия СТГси 2027 йил охиригача керак бўлишини айтган. Унинг сўзларига кўра, ўша вақтгача муқобил етказиб берувчилар етарлича шаклланмайди.
Европа Иттифоқи 2022 йилдан бери Россия газига қарамликни камайтириш ҳаракатида. Ўша пайтда газ бозорида Россиянинг улуши 45 фоиз бўлган бўлса, 2024 йилга келиб у 19 фоизгача тушди. Испания, Белгия, Франция ва Нидерландия ҳануз Россиядан СТГ харид қилмоқда. Қувур орқали етказиб бериш эса асосан Болгария, Словакия ва Венгрияга амалга оширилмоқда.