Давлат хавфсизлик хизмати, Божхона қўмитаси ва прокуратура ҳамкорлигида ҳамкорлигида ўтказилган махсус тадбирлар давомида божхона ва солиқ қўмиталари ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари фош этилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, Тошкент туманида 1979 йилда туғилган шахс 7 килограмм олтинни Қозоғистондан декларацияда кўрсатмасдан ва назоратдан яширган ҳолда олиб кирмоқчи бўлган. Унга ёрдам беришни ваъда қилган «Навоий» чегара божхона пости инспектори Чирчиқ шаҳрида 5000 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Ушбу ходимга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди (Тамагирлик йўли билан пора олиш) бўйича иш қўзғатилди ва қамоққа олинди.
Шунингдек, Тошкент шаҳридаги ҳолатда Шайхонтоҳур тумани давлат солиқ инспекцияси бош инспектори озиқ-овқат маҳсулотлари билан шуғулланувчи МЧЖ фаолиятини тугатиб бериш эвазига 2500 доллар талаб қилган. У маблағни туман солиқ инспекцияси олдида олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди (Хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик) ва 28,211-моддаси 1-қисми (Пора олиш) бўйича иш қўзғатилди.
Яна бир ҳолатда Миробод тумани солиқ инспекцияси инспектори ўз ҳудудидаги савдо дўконида текширувлар ўтказмаслик ва келгусида ҳар қандай солиқ назорати ҳақида олдиндан хабар бериб туриш эвазига 10 миллион сўмни банк картасига ўтказдирган пайтда қўлга олинди.
Ҳозирда барча ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.