Ўзбекистон ва Кения ўртасида расман дипломатик муносабатлар ўрнатилди

09:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Кения Бош вазири Мусалия Мудавади дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида коммюнике имзолади.

Keniya saidov

2025 йил 20 сентябрь куни Ўзбекистон ва Кения ўртасида расман дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Ушбу келишув Ўзбекистон ТИВ раҳбари Баҳтиёр Саидов ва Кения Бош вазири, шунингдек, ташқи ишлар ва диаспора ишлари вазири Мусалия Мудавади ўртасидаги учрашувда имзоланди. Томонлар икки мамлакат ўртасидаги расмий алоқаларни бошлашни назарда тутувчи Коммюникени қабул қилди.

Шу тариқа, Ўзбекистон дипломатик алоқалар ўрнатган мамлакатлар сони 164 тага етди. Саидов Кенияни Африкадаги энг тез суръатда ривожланаётган иқтисодиётлардан бири сифатида эътироф этди. Унинг таъкидлашича, бу мамлакат технология ва инновациялар соҳасида ҳам минтақавий етакчи ҳисобланади.

Учрашув чоғида икки давлат ўртасида ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди. Хусусан, ушбу ҳамкорлик халқлар манфаатига хизмат қилувчи аниқ лойиҳалар билан бойитилиши мумкинлиги қайд этилди.

Кения расмийлари ҳам Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантиришда қизиқиш билдиришди. Бу алоқалар савдо, инвестиция, таълим, туризм ва рақамли технологиялар соҳаларида янги истиқболларга йўл очиши кутилмоқда.