Қашқадарё вилояти Косон туманида 2 ёшли қиз машина ичида қолиб кетиб вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. 11 сенябр куни Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман судида кўрилган ишда боғча раҳбари Лола Ҳақназаровага нисбатан ҳукм ўқилди. Суд ҳужжатларига кўра, у 2024 йилда нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этган ва унга раҳбарлик қилиб келган.
Воқеа жорий йилнинг 20 июн куни Косон тумани Ушоқтепа маҳалласида содир бўлган. Ҳақназарова ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаса-да, турмуш ўртоғи Spark автомобилида маҳалладаги болаларни уйларидан боғчага ташиб юрган. Шу куни ҳам 7 нафар болани олиб чиққан ва уларни тушириш пайтида икки ёшли қизалоқ З.И.ни машинада унутиб қолдирган. Машина эшиклари ёпиқ ҳолатда қолган бола олти соат давомида ҳаво етишмаслигидан вафот этган.
Суд жараёнида айбланувчи айбини тўлиқ тан олди. У ўша куни тарбиячи ишга келмаганини ва барча иш ўз зиммасига қолганини айтди. Қизалоқнинг онаси эса судда боғча раҳбарининг эътиборсизлигини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини билдирди ва қонуний жазо талаб қилди.
Суд Лола Ҳақназаровани Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (касбий вазифаларини лозим даражада бажармаслик одам ўлимига сабаб бўлиши) билан айбли деб топди. Унга уч йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо манзил колонияда ўталиши белгиланди.