Республика онкология марказига туркиялик раҳбар тайинланди

10:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон Республикаси онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига туркиялик мутахассис Седат Кая раҳбар этиб тайинланди. Аввал у Туркиянинг Сакария вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

Ssv tayinlov

Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяровнинг тегишли буйруғи билан туркиялик мутахассис Седат Кая Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига директор этиб тайинланди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.

Седат Кая Анқара университети тиббиёт факультетини тугатган, Онадолу ва Отатурк университетларида бошқарув йўналишида таҳсил олган ҳамда Сакария университетида соғлиқни сақлашни бошқариш магистри даражасини олган.

У 2011 йилдан 2018 йилга қадар Сакария университети клиник шифохонаси ва давлат шифохоналарида раҳбар лавозимларида ишлаган. Кейинчалик у Сакария вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси вице-президенти ва бошлиғи сифатида фаолият юритган.

Янги раҳбарга Ўзбекистонда онкология хизматини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш, энг сўнгги ташхис ва даволаш усулларини жорий этиш, скрининг қамровини кенгайтириш, сунъий интеллект ва инновацион технологияларни татбиқ этиш вазифаси юклатилди. Шу билан бирга тиббий туризмни ривожлантириш ва ёш кадрлар салоҳиятини ошириш ҳам мақсад қилинган.

Маълумот учун, марказнинг аввалги раҳбари Мирзағолиб Тиллашайхов эди.

Эслатиб ўтамиз, 19 сентябр куни президент Шавкат Мирзиёев йиғилишида миллий ихтисослаштирилган клиникаларни ислоҳ қилиш ва уларга профессионал менежерларни жалб қилиш масаласи муҳокама қилинганди. Шунингдек, ўтган йилда Ўзбекистонга тиббий суғурта, фармацевтика ва шошилинч тиббий ёрдам йўналишларини ислоҳ қилиш учун етти нафар туркиялик мутахассис таклиф қилинганди.