Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 июлдаги қарорига кўра, 2025 йил 1 мартдан бошлаб мопед ва скутерни бошқариш учун тегишли тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш талаб этилиши белгиланган эди.
Ҳукуматнинг 12-апрелдаги қарорига кўра, юқоридаги муддат 2025 йил 1 октябрдан қилиб ўзгартирилди.
Қарорга кўра, энди ҳайдовчилар идентификациялаш мақсадида скутер ва мопедларга ўз нархининг қарийб ярмига етадиган давлат рақами олиши ва уларни рўйхатдан ўтказиши керак бўлади. Яъни, мопед ва скутерлар давлат рақами учун БҲМнинг 1,5 баробари, рўйхатга олингани учун яна БҲМнинг 1,5 баробари миқдорида, гувоҳнома (техпаспорт) учун 0,7 БҲМ, жами 3,7 БҲМ ёки 1 млн 524 минг 400 сўм тўлов тўлашлари керак бўлади.
Бу қарор жамоатчилик фаоллари орасида қатор норозиликларга сабаб бўлди.
Хусусан, Отабек Бакировга кўра, Ўзбекистонда автотранспорт воситаларининг Давлат рақамини ишлаб чиқариш ва рўйхатга олиш жараёни хос бизнесга айланиб қолган. Шунингдек, иқтисодчи ҳукуматнинг 2023 йил 1 июлдаги 224-35-сонли ёпиқ қарори ва бир нечта ХДФУ топшириқлари асосида автотранспорт воситаларига давлат рақамини ишлаб чиқишни хусусий секторга топширилиши орқасидан тўловлар каррасига ошганини иддао қилган.
«Тўловларнинг биздан 6 карра бой Қозоғистондан 13 карра қиммат экани, рақам бизнеси ўзбекистонликларни талаш орқали бойлик орттириш моделига айланиб қолганини кўрсатади.
Хусусий шериклар автомобил, электробил ва мотоцикллардан ундирилаётган триллионларга қаноат қилмай, энди мопед ва скутерлардан ҳам фавқулодда қиммат тўловларни истаб қолишган», — деди у.
Бакиров cтавкаларнинг шу пайтгача амал қилган жорий таҳририда мопед ва скутерлар учун тегишли тўловлар кўзда тутилмаганини, ўзгаришлар киритилишидан олдин ставкалар худди аввалги оширилишларда бўлгани сингари жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаганини ва иқтисодий асослантирилмаганини қўшимча қилди.
Иккинчидан, ушбу қарор ортиқча овворгарчилик, ноқулайлик ҳамда харажат устига харажатни тақозо қилмоқда. Хусусан, энди Тошкентда мопеди ва скутери билан курйерлик қилаётган ўн минглаб ватандошлар (уларнинг аксари вилоятликлар) қолган 12 кун ичида имтиҳондан ўтиб, А тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиши, мопеди ва скутерини «Дамас»га ё «Лабо»га юклаб рўйхатдан ўтган ҳудудига бориши ва 1 млн 524 минг 400 сўм (давлат рақами учун БҲМнинг 1,5 баробари, рўйхатга олингани учун яна БҲМнинг 1,5 баробари миқдорида, гувоҳнома (техпаспорт) учун 0,7 БҲМ, жами 3,7 БҲМ) тўлаб мопеди ва скутерини рўйхатдан ўтказиши керак.
Отабек Бакировга кўра, идентификациялаш яхши ислоҳот лекин уни ўнминглаб ўзбекистонликларни мопед ва скутер нархида ва ундан қимматига харажат қилишга мажбурламасдан, бошқа арзон ва қулай йўлларини топиш мумкин эди.
«Талабгорларнинг ID карталарига давлат хизматлари марказларида мопед ва скутерларга мулк ҳуқуқи рақамли маълумотларини киритиш ва ташқи идентификациялаш имконини берадиган ёки QR кодли стикерлар бериш билан масалани ҳал қилиш мумкин. Калкуляция қилинса, нари борса 200 минг сўмлик давлат хизмати бу ўзи. Ёки бўлмасам, бутун нормал дунёдаги каби ва Ўзбекистон ратификация қилган Вена конвенцияси бўйича мопед ва скутерларга А1 тоифани жорий қилиш, ихтиёрга кўра соддалаштирилган ўқиш ёки ўқишсиз арзон имтиҳон жараёнини йўлга қўйиш мумкинмиди?» — деди иқтисодчи.
Бакиров Конституцияда белгиланган «иқтисодий макон бирлиги » айта туриб, бу модда нега автомобилларга рақам беришда ишламаслигини, рақамларни масофадан туриб буюртма қилиш тизимини жорий этиш кераклигини таъкидлаган.
Журналист Қобил Хидировга кўра, скутер ва мопедлар ёшларни иш билан таъминлаш, камбағаллар учун ортиқча ғалвасиз иш ўрни яратаётган етказиб бериш хизматининг ўта зарур қуролига айланди.
Отабек Бакиров ҳам бу фикрга қўшилиб, ҳозир пойтахт ва йирик шаҳарлардаги агрегаторлар орқали ишлаётган юз минглаб курйер ва етказиб бериш хизматлари ишчилари ўзларини ўзлари камбағалликдан чиқаришганини, давлат уларга ёрдам пули бермаганини таъкидлаган. Улар триллионлаб субсидия ё давлат буюртмасини ўзлаштирмаганини, бюджетга фойдаси бор лекин, юки йўқлигини айтган.
Қобил Хидиров сўзини давом эттириб, «Ҳа, тартиб бўлиши керак, ҳа, хавфсизлик ҳам жуда муҳим. Лекин буни эртадан кечгача ишлаб, рўзғорини тебратаётган, ўқишига ёрдам қилаётган, ота-онасига кўмаклашаяётган бечора курйерларнинг зиммасига ташлаб қўйиш — бандлик ва камбағалликка қарши кураш сиёсатидан чекинишдир.
Мутасаддилар, керак бўлса, агрегаторлар билан ҳамкорликда тез ва самарали ечим топиши лозим. Қисқа муддатда (бир ҳафталик, 10 кунлик) ортиқча бюрократик талабларсиз ўқитиб, скутер ва мопед ҳайдовчилик гувоҳномаси нархларини чўнтакбоп қилиш, зарур бўлса, бюджетдан компенсация қилиш йўлидан бориш мақсадга мувофиқ. Чунки мопед ва скутерга ҳашаматли транспорт воситаси эмас, балки меҳнат қуроли сифатида қараш керак», — дейди у.
Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида баҳорда ўтказилган селекторда ҳам у айнан шу масалага алоҳида тўхталиб, «курйерлик хизмати корхоналари мопед олиб келиб, одамларни иш билан таъминлаётгани, лекин мопеднинг ўзи 300 доллар турса, уни стандартдан ўтказиб, сертификат олишга яна шунча маблағ кетаётгани» танқид остига олган эди.
Меҳриноз Фармонова тайёрлади.