Тошкент вилояти ФВБ Бўстонлиқдаги ёнғин бўйича ёлғон ахборот бермоқда

22:45 | 4 дақиқада ўқилади.

Расмий хабарда ёнғин бўлмаганлиги ва маълумотлар эскилиги айтилган. Шу ҳудуд яқинида бўлганлар эса бу ҳақиқатга тўғри келмаслигини, бошқарма матбуот хизмати ёлғон хабар тарқатганлигини айтишмоқда.

Yong'in

20 сентябр куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани «Яккатут» маҳалласи ҳудудида йирик ёнғин содир бўлди. Ҳодиса тўғрисида қатор журналистлар ва ахборот сайтлари ижтимоий тармоқларда хабар берди. Бироқ орадан бир неча соат ўтиб, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вилоят бошқармаси «маълумотлар эскилиги боис ҳақиқатга тўғри келмайди» деган мазмундаги хабар берди.

Бу баёнот жамоатчилик ва журналистлар томонидан кескин танқидга учради. Чунки воқеа жойига яқинда малака ошириш машғулотида бўлган 40 нафарга яқин журналист ўз кўзлари билан ёнғинга гувоҳ бўлиб, фото ва видео лавҳаларни қайд этган. Улар воқеа бугун содир бўлганини тасдиқлаб, вазирликнинг баёноти ҳақиқатга зид эканини айтиб раддия берди.

Журналистлар вазирлик раҳбариятидан ёлғон маълумот тарқатилганини тан олишни, унинг муаллифларини аниқлаб, жавобгарликка тортишни талаб қилмоқда. Улар қонунчиликда ёлғон маълумот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланганини, бу айниқса расмий идоралар учун қаттиқроқ ишлаши кераклигини эслатди.

Шу орқали жамоатчиликка мурожаат қилинган раддияда: «ФВБ баёноти воқеликка зид. Биз ҳодисанинг гувоҳимиз. Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан воқеа бўйича аниқ ва шаффоф ахборот беришни талаб қиламиз. Агар очиқлик таъминланмаса, жамоатчиликда давлат идораларига нисбатан ишончсизлик пайдо бўлади», — дейилади.

Кейинроқ ФВВ матбуот хизмати раҳбари Мурод Содиқов Vaqt.uz журналисти билан боғланиб, вазиятга изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, йўл қўйилган раддия муаммоси маълумотнинг бошқармага ўз вақтида етказилмагани билан боғлиқ бўлган. «Бизга ёнғин ҳақида хабар бўлмаган. Шунинг учун ходимлар ижтимоий тармоқларда чиққан хабарни видеонинг ўзига қараб текшириб қўя қолишган. Видео кадрлари эса аввалроқ шу ҳудудга яқин жойда чиққан ёнғин кадрларига жуда ўхшаш бўлган. Мен бошқармага топшириқ бердим, эртагаёқ чиқиб, ҳолатни ўрганишади ва вазият бўйича тўлиқ ахборот берилади.

Ишонинг, раддия орқали жамоатчиликни алдаш ниятимиз бўлмаган», — деди Содиқов.