ХДП мопед ва скутерлар учун гувоҳнома талабини танқид қилди

18:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда 1 октябрдан мопед ва скутерларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси мажбурий бўлиши белгиланган. Бу қарор жамоатчиликда баҳсларга сабаб бўлди. Халқ демократик партияси эса бундай тартибга қарши чиқиб, расмий баёнот берди.

Moped skuter

ХДП мопед ва скутерлар учун гувоҳнома талабига қарши чиқди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди. Партия маълумотича, ҳозирги кунда тахминан 130 мингга яқин ёшлар курьерлик хизматидан асосий даромад олиб келмоқда. Гувоҳнома талабини жорий қилиш эса уларнинг меҳнат фаолиятига жиддий тўсиқ яратиши мумкин.

ХДП фикрича, давлат томонидан камбағалликни қисқартириш ва барқарор иш ўринлари яратиш йўналишидаги сиёсат давом этаётган бир вақтда, бу қарор ёшларни қийин аҳволга солиб қўяди. Улар меҳнати орқали даромад топаётган бир пайтда янги тартиб кўплаб ёшларни ишсиз қолдириши мумкинлиги таъкидланди.

Шу муносабат билан партия мопед ва скутерлар учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талабини 2026 йилгача кечиктиришни таклиф қилди. Шунингдек, гувоҳнома ва давлат рақамларини олиш муддатлари ҳамда тўлов миқдорларини қайта кўриб чиқиш зарурлиги айтилди.

ХДП Ўзбекистоннинг камбағалликни қисқартириш ва ўзини ўзи банд қилганларни қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро майдонда эътироф этилганини эслатди. Партия бу масала бўйича давлат сиёсатига мос ва самарали ечим топиш мақсадида депутатлик сўрови киритишини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил июл ойидаги ҳукумат қарорига мувофиқ мопед ва скутерлар учун алоҳида давлат рақам белгилари жорий этилган, шунингдек, уларни рўйхатдан ўтказиш тартиби белгиланган эди. Янги қоидаларга кўра, гувоҳномасиз транспорт бошқарганлар жаримага тортилади.