Исроил Канада, Британия ва Австралиянинг Фаластинни тан олишини рад этди

21.09.2025 22:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги Канада, Буюк Британия ва Австралиянинг Фаластин давлатини тан олиш ҳақидаги қарорларини қаттиқ танқид қилди. Тел-Авив бу қадамни «терроризмни мукофотлаш» деб баҳолади.

Benjamin netanyahu recog

Исроил ТИВ баёнотида қайд этилишича, бундай сиёсий ҳаракатлар Яқин Шарқда тинчлик жараёнларига хизмат қилмайди. «Агар ушбу давлатлар ростдан вазиятни барқарорлаштиришни истаса, уларнинг асосий вазифаси ҲАМАСга босим ўтказиш бўлиши керак», — дейилган баёнотда.

Вазирлик баёнотига кўра, Фаластинни тан олиш «Ҳолокостдан бери энг катта яҳудийлар қирғини учун мукофот» сифатида талқин қилиниши ва ҲАМАСни янада кучайтириши мумкин.

Шу билан бирга, Исроилнинг миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ва молия вазири Бецалель Смотрич Ғарбий соҳилни тўлиқ аннексия қилишга чақирди. Смотрич бу қарорни «яҳудий халқи ватани бўлган ерларни қўшиб олиш вақти келди», деб таъкидлади.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу эса аввалроқ Фаластин давлатини тан олиш Исроилнинг мавжудлигига таҳдид солиши мумкинлигини билдирди. Нетаняҳу бир неча давлатлар томонидан Фаластиннинг тан олинишига расмий жавоб келгуси ҳафтада берилишини таъкидлади. У шунингдек, Фаластин давлати «ҳеч қачон тузилмайди», деди.

22 сентябр куни Фаластинни Франция дохил яна 7 та давлат ҳам тан олиши кутилмоқда. Бугунги кунга келиб, БМТнинг 193 аъзосидан 147 таси Фаластинни расман тан олган. АҚШ эса 2024 йилда вето қўйиб, уни БМТга аъзо сифатида киришини тўсган эди.