Канада, Австралия ва Буюк Британия 21 сентябр куни бир неча дақиқа интервалида Фаластин давлатини тан олганини эълон қилди. Шу тариқа, Канада «катта еттилик» гуруҳи аъзолари орасида биринчи бўлиб бу қарорни қабул қилди.
Франция, Белгия, Португалия каби бир қатор Ғарб давлатлари ҳам БМТ Бош Ассамблеяси сессияси доирасида Фаластинни тан олиш нияти борлигини билдирган.
Буюк Британия Бош вазири Кийр Стармер видеомурожаатида шундай деди:
«Бугун биз фаластинликлар ва исроилликлар учун тинчлик умидини қайта тиклаш ва икки давлат ечимини таъминлаш учун Фаластин давлатини расман тан оламиз».
Канада Бош вазири Марк Карни эса ўзининг X’даги баёнотида қуйидагиларни қайд этди:
«Канада Фаластин давлатини тан олади ва келажакда тинч ҳаёт қуришда Фаластин ҳамда Исроилга шериклик таклиф қилади».
Австралия ҳукумати ҳам шу йўналишдаги қарорини эълон қилиб, минтақадаги тинчлик жараёнларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Бу қарорни АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти ва Исроил ҳукумати кескин танқид қилди. Вашингтон икки давлат ечимини тан олиш борасида Ғарб иттифоқчиларини «шошилмасликка» чақирмоқда.