«Оқибати ёмон бўлади» — Трамп Афғонистонга таҳдид қилди

21.09.2025 17:00 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп Афғонистон Багром авиабазасини қайтармаса, жиддий оқибатлар бўлишини айтди ва «Толибон»га очиқ таҳдид йўллади.

Trump afgan

Трамп ўзининг Truth Social тармоғида ёзишича, агар Афғонистон Багром базасини АҚШга қайтармаса, «ёмон ишлар» содир бўлади. У, шунингдек, базани Пентагон назоратига қайтариш учун ҳарбий куч ишлатиш эҳтимолини ҳам истисно этмади.

Президентнинг баёноти Британияга сафари пайтида эълон қилинди. Ортидан «Толибон» ҳаракати АҚШ билан мулоқотга тайёрлигини билдириб, аммо мамлакатда хорижий қўшинларга жой йўқлигини маълум қилди.

Багром авиабазаси Афғонистоннинг Парвон вилоятида жойлашган бўлиб, у 1950 йилда Совет Иттифоқи томонидан қурилган. Кейинчалик базани АҚШ модернизация қилди. У узоқ йиллар давомида совет ва НАТО қўшинлари, 2001–2021 йилларда эса АҚШ армияси учун асосий плацдарм бўлган. База таркибида йирик қамоқхона, ресторанлар ва савдо дўконлари ҳам фаолият юритган.

2021 йилда АҚШ Афғонистондан чиқиб кетгач, база назорати Кобул ҳукуматига ўтди. Аммо Ашраф Ғанининг ҳукумати «Толибон» босимига чидамай қулади ва база тўлиқ ҳаракат қўлига ўтди. Шундан сўнг «Толибон» унда ҳарбий парад ҳам ўтказган эди.

Экспертлар таъкидлашича, Багром базасини АҚШ назоратига қайта олиш ўта қийин. Бунга минглаб аскарлар, замонавий мудофаа тизимлари ва улкан маблағ талаб этилади.

Трампнинг бу каби баёнотлари илгари ҳам шов-шувларга сабаб бўлган. У аввал Панама каналини назоратга олиш ва Гренландияни АҚШга қўшиб олиш ҳақидаги гаплари билан эътибор қозонган эди.

Шунга қарамай, Трамп журналистлар саволига аниқ жавоб бермай, «яқин вақтда нима бўлишини кўрасизлар», дея жавоб қайтарди.