Ўрмон агентлиги ФВВ рад этган Бўстонлиқдаги ёнғинни тасдиқлади

21.09.2025 13:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш ҳамда чўлланишга қарши кураш агентлиги 20 сентябр куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ёнгин содир бўлганини тасдиқлади.

Bustonliq

Агентлик маълумотига кўра, ёнгин тахминан соат 13:00 да Яккатут қишлоғи яқинидаги Бурчмулла давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида келиб чиққан. Ҳодиса жойига ўрмон хўжалиги масъуллари, 40 дан зиёд ишчи-ходим, маҳалланинг 10 нафар ихтиёрий қутқарувчиси ҳамда туман ИИБ ходимлари жалб этилган. Улар томонидан ёнгин соат 14:40 га келиб тўлиқ ўчирилган.

Ёнгин натижасида қарийб 1,5 гектар ер майдонида қуриб қолган ўтлар ёниб кетган. Сабаб сифатида Яккатут қишлоғи аҳолиси, 1956 йилда туғилган фуқаро С.Д.нинг ичимлик суви металл қувурини пайвандлашда техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилмагани кўрсатилмоқда.

Мазкур шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 84-моддаси 3-қисмига асосан баённома расмийлаштирилган. Қонунга кўра, ўрмонларда ёнгин хавфсизлиги талабларини бузиш оқибатида ёнғин келиб чиққан тақдирда, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10–15 баравари (4 млн 120 минг сўмдан 6 млн 180 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса 20–25 баравари миқдорида жарима қўлланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти ФВБ Бўстонлиқдаги ёнғин бўлмаган ва маълумотлар эски деб муносабат билдирган. Кейинроқ ФВВ матбуот хизмати раҳбари Мурод Содиқов Vaqt.uz журналисти билан боғланиб, вазиятга изоҳ берган (https://vaqt.uz/2025/09/20/toshkent-viloyati-fvb-bostonliqdagi-yonghin-boyicha-yolghon-axborot-bermoqda/).