Россияда икки кунда иккита мактаб биноси қулади

21.09.2025 19:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Новосибирск областидаги Татарск шаҳрида 21 сентябр куни мактаб биносининг бир қисми қулаб тушди. Бу охирги икки кунда Россияда содир бўлган иккинчи шундай ҳодиса ҳисобланади.

Tatarsk

Россиянинг Новосибирск области Татарск шаҳрида 5-сонли ўрта мактаб биносининг бир қисми 21 сентябрь куни қулаб тушди. МЧС маълумотларига кўра, ҳодиса маҳаллий вақт билан 10:40 да содир бўлган. Бахтга кўра, дам олиш кунида мактабда одам бўлмагани учун жабрланувчилар қайд этилмаган.

Ҳозирда ҳодиса жойида тезкор хизматлар иш олиб бормоқда, прокуратура текширув бошлади. Россия Тергов қўмитаси «лоқайдлик» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатди. Маълум бўлишича, мактаб 1937 йилда қурилган бўлиб, 2019 йилда унинг тузилмаси 70 фоиздан ортиқ даражада эскиргани қайд этилган.

Кеча Москвада ҳам мактаб биноси қулаб тушган эди. Знаменская кўчасида реконструкцияда бўлган 1080-сонли мактабда плита қулаш оқибатида икки ишчи ҳалок бўлди. Ҳодиса юзасидан хавфсизлик қоидалари бузилиши бўйича тергов ҳаракатлари бошланган.

Икки кунда Россияда содир бўлган икки йирик мактаб биносининг қулаши мамлакатдаги эски бинолар ҳолати ва қурилиш назорати муаммосини яна бир бор кун тартибига чиқарди.