Украина Дезинформацияга қарши кураш маркази раҳбари Андрей Коваленко маълумот беришича, 2025 йилнинг иккинчи чорагида Россия Мудофаа вазирлиги билан атиги 37,9 минг киши шартнома тузган. Бу сўнгги икки йилдаги энг паст кўрсаткич бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 93 минг кишига кам.
Коваленко таъкидлашича, шартнома асосидаги ёлланувчилар Россия армиясининг катта йўқотишларини қоплай олмаяпти. Унинг сўзларига кўра, Украина Бош штаби маълумотлари асосида Россия ҳар куни ўртача мингга яқин жангчисидан айрилмоқда.
Украина Бош штаби ҳисобларига кўра, 20 сентябр ҳолатига келиб Россия армияси йўқотишлари 1,1 миллиондан ошган. Фақат сўнгги 24 соатда 1 070 нафар аскар ҳалок бўлгани билдирилган.
Шу билан бирга, мустақил манбалар — «Медиазона» ва BBC рус хизмати рақамлари анча паст. Улар олиб борган қўшма лойиҳага кўра, тасдиқланган йўқотишлар сони 130 мингдан ошиқ аскарни ташкил этмоқда.