Бизнес-омбудсман маълумотида айтилишича, тадбиркор танқидий фикри учун жазоланишига йўл қўйилмайди. Унга кўра, тадбиркорларга нисбатан ҳар қандай таъқиб ҳолати қонун бузилиши сифатида баҳоланади. Давлат органлари тадбиркорларнинг фикрларини эшитиб, бизнес юритишга тўсқинлик қиладиган муаммоларни ҳал қилишга ҳамжиҳат бўлиши лозимлиги қайд этилди.
Мунтазам равишда тадбиркорларнинг очиқ мулоҳазалари давлат ислоҳотларини такомиллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди. Агар тадбиркор соҳа ривожига оид фикр билдирса, бу жазога эмас, муаммоларни ечиш имконияти сифатида қабул қилиниши шартлигига урғу берилди.
Аввалроқ тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда ўзини бир нечта қурилиш компаниялари раҳбари сифатида таништирган Усмонжон Абдусамадов «Тошкентда битта уй учун 200 минг долларгача харажат бор» деган даъво билан чиққан эди. Шундан кейин Қурилиш вазирлиги унинг устидан ИИВга расмий шикоят йўллагани ҳақида хабар берган эдик.
Бизнес-омбудсман ҳолат юзасидан тадбиркор ҳуқуқларининг тўлиқ ҳимоя қилинишини таъминлашини маълум қилди.