Сирдарё вилоятида 19 сентябр куни кечки соат 22:00 ларда йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Бу ҳақда Сирдарё ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, Сирдарё тумани Фурқат маҳалласи ҳудудидан ўтувчи «Шоликор–Сирдарё» йўналишида 2010 йилда туғилган Д.А. исмли ўсмир отасига тегишли Lacetti автомашинасини берухсат ҳайдаган.
У юқори тезликда ҳаракатланар экан, бошқарувни йўқотиб, автомобил йўли четидаги зовурга тушиб кетган.
Ҳодиса оқибатида машина салонида бўлган икки нафар вояга етмаган йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлди. Ҳайдовчи ўсмир оғир ҳолда туман тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимига ётқизилди.
Қонунчилиги талабларига кўра, вояга етмаган шахслар транспорт воситасини бошқариши тақиқланган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди ва тергов ҳаракатлари бошланди.