Афғонистоннинг Парвон вилоятида 2021 йилда АҚШ томонидан тарк этилган Баграм ҳарбий базаси яқинида портлаш содир бўлган. Бу ҳақда Afghanistan International хабар берди.
Портлаш 21 сентябр куни кундузи базанинг шарқий томонидаги Цех-Докан ҳудудида юз берган. Сапёрлар топилган портловчи моддаларни назорат остида портлатишни амалга оширганлар.
Вилоят полицияси қўмондонлиги маълумотларига кўра, воқеа жойида эски портловчи моддаларнинг қолдиқлари аниқланган. Ҳозирда муҳандислик гуруҳлари вазиятни баҳоламоқда ва зарарсизлантириш ишларини олиб бормоқда.
ToloNews хабарига кўра, портлаш эски ўқ-дориларнинг йўқ қилиниши билан содир бўлган.
«Парвон вилояти полиция бошқармаси Баграм туманидаги Чор-Қалъа ҳудудида ўтмишдан қолган портловчи моддалар топилгани, зарарсизлантирилгани ва йўқ қилингани ҳақида хабар берди», — дея ёзди нашр.
Воқеа президент Доналд Трампнинг АҚШнинг Баграм устидан назоратини қайта ўрнатиш бўйича янги чақириқлари фонида юз берди. Бир неча кун олдин Трамп матбуот анжуманида Баграм ҳарбий авиабазасининг АҚШ учун аҳамиятини яна бир бор таъкидлаб, ҳозирда Вашингтон бу масалада Кобул билан музокаралар олиб бораётганини маълум қилганди.
«Биз Баграмни, дунёдаги энг йирик авиабазалардан бирини, сақлаб қолмоқчимиз. Биз уни уларга текинга топширган эдик. Айтганча, биз уни қайтариб олишга уринмоқдамиз», — деди у.
Шу билан бирга, TOLO News хабар беришича, АҚШнинг Афғонистонда тинчлик бўйича собиқ махсус вакили Залмай Халилзод ўзининг сўнгги нутқида шундай деган: «Вақт ўтиши билан мен хавфсизлик соҳасида [АҚШ ва Афғонистон] ҳамкорлигини кенгайтиришни, жумладан, Баграм каби объектлардан қўшма аксилтеррор операциялари учун фойдаланишни истисно этмайман. Бироқ бу қатъиятни талаб қилади», — деган у,
Афғонистон ҳукумати Трампнинг Баграм авиабазаси устидан назоратни Вашингтонга қайтариш талабларига жавобан, Америка Қўшма Штатлари 2020 йилдаги Доҳа келишувида олган мажбуриятларини бажариши лозимлигини маълум қилди.
Доҳа келишуви АҚШ ва «Толибон» ҳаракати ўртасида имзоланган эди. Ушбу битим АҚШни Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик ва унинг ҳудудий яхлитлигига қарши ҳарбий куч ишлатмаслик мажбуриятини зиммасига юклайди.
2001 йилдан 2021 йилгача Баграмдаги аэродром АҚШ раҳбарлигидаги халқаро коалициянинг энг йирик базаси бўлиб келган ва 15 август куни «Толибон» ҳаракати назоратига ўтган эди.
Афғонистон Ислом Амирлиги Бош штаби бошлиғи Кари Фасиҳуддин Доналд трампнинг Баграм авиабазаси бўйича Афғонистонга қилган таҳдидларига жавоб берганди:
«Биз ҳеч қандай золимдан қўрқмаймиз, барча нарсани Олий Аллоҳга ишониб топширганмиз. Буни Америка ва унинг иттифоқчиларига қарши йигирма йиллик жиҳод билан исботладик».