Икки тиғли пичоқ: медиа суицид ҳақида гапириши керакми?

12:00 | 15 дақиқада ўқилади.

Тошкент шаҳрида юз берган воқеа – ёшгина аёл ўзи ва икки мурғак фарзандининг жонига қасд қилгани ҳақидаги хабар ўзбек медиа сегментида шов-шувга айланди. Таассуфки, худкушлик ҳақидаги шумхабарлар янгилик тасмаларида тез-тез кўзга ташланиб, жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлмоқда.

Suicide1

Ўз-ўзидан савол туғилади: суициддек нозик мавзу медиада ёритилиши, муҳокама қилиниши керакми?

 

Гётенинг «қотил» қаҳрамони

1974 йилда социолог Девид Филиппс «Вертер эффекти» номли психологик атамани истеъмолга киритди. Бу суицид ҳолатларининг медиада кенг ёритилиши аҳоли орасида тақлидга — ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг кўпайишига сабаб бўлишини назарда тутади. Суицид мавзусининг оммавий ахборот воситаларида «қонунийлаштирилиши»ни депрессиядаги хавф гуруҳи ўз шахсий муаммоларига ечим сифатида кўриши мумкин.

Ҳолатнинг бундай номланиши XVII асрга, Гётенинг «Ёш Вертернинг изтироблари» романига бориб тақалади. Вертер исмли бош қаҳрамон бошқага унаштирилган қизни яхши кўриб қолади, севгисига ҳеч қачон ета олмаслигини англагач, аламдан ўз ҳаётига нуқта қўяди. Романнинг оммалашуви Европа бўйлаб суицид ҳолатларининг кўпайишига сабаб бўлди, аҳамиятлиси, ўз жонига қасд қилганларнинг кўпчилиги айнан роман қаҳрамонидек кийинган, қўлида китоб нусхасини тутган ёки романда тасвирланган ўлим усулини танлаган бўлиб чиқарди. Оқибатда айрим Европа мамлакатларида бу асар қора рўйхатга киритилди.

Ушбу ҳолат ҳозир ҳам долзарблигини йўқотмаган, нозик мавзу медиада нотўғри ёритилса, акс таъсирга олиб келиши мумкин.

Вертер эффекти қуйидаги ҳолатларда кучаяди:

  • омма эътиборини жалб қилиш мақсадида суицид ҳақидаги хабар асосий тасмада берилса;
  • шов-шув қўзғатувчи сарлавҳалар қўлланилса;
  • суицидни амалга оширган шахсга оид тафсилотлар, масалан, тўлиқ исм-шарифи, сурати ва/ёки видолашув мактуби келтирилса;
  • суицидни амалга оширишда қўлланилган усул очиқланса, масалан, «ўзини осиб ўлдирди», «сирка ичиб қўйди», «деразадан сакради»;
  • жараён батафсил тасвирланса, воқеага оид видео ёки фотолар илова қилинса;
  • суицидни амалга оширган шахс ва унинг ҳаракатига қаҳрамонлик туси берилса, у «ўзига хос ўлимни танлади» каби жумлалар қўлланилса;
  • ҳолатга романтик тус берилса;
  • суицидни амалга оширган шахснинг яқинларидан улар ҳали шок ҳолатида бўлган вақтда интервю олинса.

Айниқса, таниқли, оммага машҳур шахслар ўз жонига қасд қилса, хабарнинг жамоатчиликка таъсир кўрсатиши эҳтимоли юқорироқ бўлади, шу боис бундай хабарлар икки ҳисса эҳтиёткорликни талаб этади.

 

Моцартнинг халоскор қаҳрамони

Аммо бу суициддек жиддий масалага ОАВ бефарқ қараши, мутлақо ёритмаслиги кераклигини ҳам англатмайди. Чунки тўғри ёндашув танланганда медиа материаллар аксинча, суицид ниятида юрган инсонларга тўғри йўл кўрсатган ҳолатлар ҳам учрайди. Бу, ўз навбатида, Вертер эффектига қарама-қарши бўлган Папагено эффектини ўртага чиқаради.

ОАВда суицидга мойил шахсларга чигал вазиятларни енгиб чиқишга ёрдам берадиган, умид бағишлайдиган самарали усуллар ҳақида ҳикоя қилиш натижасида Папагено эффектига эришиш мумкин. Мазкур атама Моцартнинг «Сеҳрли флейта» операси бош қаҳрамони билан боғлиқ бўлиб, у суюкли инсонини йўқотишдан қўрқиб ўз жонига қасд қилмоқчи бўлади, лекин дўстларининг қўллов ва тасаллиси билан инқироздан чиқишга муваффақ бўлади.

Папагено эффектининг эҳтимолини ошириш мумкин, агар медиада:

  • муайян шахслар суицид инқирозларини енгиб ўтгани ҳақидаги ҳикоялар баён қилинса;
  • суицид ҳолатлари ачиниш оҳанги билан ёритилса;
  • мураккаб вазиятлар учун муқобил ечимлар келтирилса, ўхшаш ҳолатни бошдан кечирганлар билан интервюлар;
  • хавф гуруҳини яқинларига, профессионал ёрдамга мурожаат қилишга ундовчи жумлалар қўлланилса;
  • махсус ёрдам хизматлари мавжудлиги ва улар билан қандай боғланиш ҳақида маълумот келтирилса;
  • суицидга мойиллик белгилари тасвирланса.

 

Суицидга мойилликни қандай аниқлаш мумкин?

Тошкент давлат юридик университети психологи Фарангис Шарипова ўз жонига қасд қилишга мойил хавф гуруҳига хос белгилар қандай, деган саволга қуйидагича жавоб берди:

— Аслида сигналлар кўп, лекин энг муҳими — уларни пайқай билиш ва эътиборсиз қолдирмаслик. Бизда эмпатия етишмовчилиги катта муаммо. Кўпинча жамиятда инсоннинг руҳий ҳолатига катта аҳамият бермаймиз, ундаги ўзгаришларга бефарқ бўламиз. Суициднинг энг асосий белгиларидан бири эса айнан ҳиссий ҳолатлар билан боғлиқ: тушкунлик ва умидсизлик, айбдорлик ёки ўзини кераксиз ҳис қилиш.

Кўпинча инсон суицид ҳақида қарор қабул қилганда, унда вақтинчалик енгиллик пайдо бўлади ва сиртдан хотиржам кўринади. Шунинг учун ҳодисадан кейин яқинларидан сўрасангиз: «Ҳаммаси яхши эди, охирги пайтларда қувноқ ва хотиржам, кўтаринки кайфиятда юрганди», деб жавоб беришади.

Афсуски, кўпинча суицид ниятлари яширин қолади ва белгилари яққол намоён бўлавермайди. Шу сабабли оилада ишончли муносабатларни шакллантириш жуда муҳим, шунда одам ўз ҳис-туйғулари ҳақида бемалол гапира олади ва ёрдам сўрашга журъат топади.

 

Суицидга мойил инсонга қандай ёрдам кўрсатиш керак?

Мутахассис суицидга мойил инсонга ёрдам кўрсатиш бўйича амалий тавсияларни санаб ўтди:

— Яқинларингизда суицидга мойиллик белгиларини сезсангиз ёки ишончингиз комил бўлмаса ҳам, лекин шубҳалансангиз, энг муҳими, бефарқ бўлмаслик. Ундан эҳтиёткорлик билан, аммо очиқчасига сўраш керак: «Сендан хавотир оляпман, ўзингни қандай ҳис қиляпсан?», «Ўзингга зарар етказиш ҳақида ўйлаяпсанми?» деб. Хавотир олманг, бундай очиқ, тўғридан тўғри саволлар суицидга ундамайди, аксинча, у ҳақида қайғурадиган, уни тинглашга тайёр инсон борлигини кўрсатади.

Хавф остидаги инсон сизга ишонч билдирса, ўз кечинмалари билан бўлишиши мумкин. Шунда сиз уни ҳукм қилмасдан, айбламасдан тинглашингиз керак. Гапини бўлманг, койиманг, ҳис-туйғуларини қадрсизлантирманг, унга нисбатан ғазаб, жаҳл ёки қўрқув билдирманг. Масалан, «Уялмайсанми бунақа дегани?», «Ўзингни ўйламасанг ҳам бизни ўйла», «Бошқаларда бундан ҳам баттар», «Шукр қил», «Тавба қил» каби гапларни айтиш мумкин эмас. Бу фақатгина ундаги «мени ҳеч ким тушунмайди», деган фикрни кучайтиради. Албатта, уни профессионал ёрдамга йўналтириш муҳим. Бирга психологга, профессионал ёрдамга мурожаат қилишга унданг.

Кимнингдир суицидга уринишига бевосита гувоҳ бўлсангиз, энг аввало дарҳол хавфсизликни таъминланг, қўлдан келганча хавфли буюмларни четга олиб ташланг ва тез ёрдам чақиринг. Ҳеч қачон бу муаммони ўзингиз ҳал қилишга уринманг. Бундай вазиятда фақат профессионал ёрдам керак, сизнинг кичик хатойингиз ҳам қимматга тушиши мумкин.

Ёрдам келгунча иложи борича хотиржам бўлинг ва унинг ёнида қолинг. Мулойим, хотиржам  оҳангни сақланг, у билан гаплашинг. Вазият тугаганидан кейин ҳам уни ёлғиз қолдирманг.

 

Бу ҳақида қандай ёзиш керак?

Юқорида тилга олинган икки эффект суицид табу мавзуга айланиши кераклигини ҳам, романтик/айблов оҳангда берилиши кераклигини ҳам билдирмайди. Бу контекстда медианинг кучини икки тиғли пичоққа ўхшатиш мумкин – нопрофессионал ёндашув салбий оқибатларга олиб келса, масъулиятли, тўғри ёритиш жамоатчиликни огоҳликка чорлайди, хунук ўй-фикрлар гирдобида қолган инсонларга мадад вазифасини бажаради.

Аввало, суицид ҳар ким ўз билганича ёзадиган, «диван мутахассислари» таҳлил қиладиган мавзу эмаслигини тушуниш лозим. Хабарлар билан ишловчи медиа вакиллари мазкур мавзуни ёритиш бўйича муайян билим ва малакага эга бўлиши керак, шу мақсадда UNICEF каби ташкилотлар томонидан тайёрлов машғулотлари ташкил этилади.

Суицид ҳақидаги хабарларни сунъий равишда «ҳайп»га айлантирмаслик, кўриш ва «лайк»лар сонини ошириш мақсадида фойдаланмаслик муҳим. Хабарга илова қилинадиган сурат танлашда алоҳида эҳтиёткорлик талаб этилади, нейтрал, ўлим усулини акс эттирмайдиган, қўрқинч уйғотмайдиган ёки ҳолатга романтик тус бермайдиган суратлардан фойдаланмаслик мақсадга мувофиқ.

Мавзуга алоқадор ҳар қандай хабар/таҳлил ёрдам имконияти мавжудлиги, мураккаб вазиятларда ҳар доим чиқиш йўли борлигига ишора бериши лозим.

Суицидга мойиллик ёки хавф кузатилганида қуйидаги ёрдам хизматларига мурожаат қилиш мумкин:

112 — Фавқулодда вазиятларда шошилинч ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган ягона диспетчерлик хизмати

103 — Шошилинч тиббий ёрдам

+998 71 276 49 66 — Республика руҳий саломатлик маркази

+998 71 273 02 02 — UNICEF Ўзбекистон Болалар ва ёшлар руҳий саломатлиги бўйича ёрдам хизмати

Саодат Абдураҳмонова тайёрлади.