Вазирлар Маҳкамасининг 16 сентябрдаги қарорига кўра, аҳоли ўртасида тўғри овқатланиш одатларини шакллантириш, ортиқча исрофгарчиликларнинг олдини олиш ҳамда меъёридан ортиқ истеъмолни тарғиб қилишни чеклаш юзасидан оммавий ахборот воситаларида тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш ҳам белгиланган.
Шунингдек, 2026-2030 йилларда «Долзарб озиқ-овқат хавфсизлиги даври»ни самарали ташкил этиш, уни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Сенат кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги қўшма қарори билан тасдиқланган тўйлар, оилавий тантаналар ва маъракалар низом талаблари асосида ўтказилиши белгиланган.
Парламентнинг ҳар икки палатаси тасдиқланган Низомга мувофиқ:
- Оилавий тадбирларда 200 нафаргача меҳмон, ош бериш маросимида эса 250 нафаргача киши;
- Қўшалоқ тўйларда 250 нафаргача меҳмон чақириш, унга боғлиқ ош маросимида эса 300 нафаргача киши қатнашиши белгиланган.
Миллий қадриятларга зид ва ортиқча харажат талаб қиладиган расм-русумлар тақиқланади. Хусусан, «куёв навкар», «чарлар», «ота кўрди», «сеп ёйди», «қуда чақирди», «куёв чақирди», «келин чақирди», «тоғора юбориш» каби қўшимча маросимларга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, дафн ва мотам маросимларига оид ортиқча удумлар ҳам чекланади. «Етти», «пайшанбалик», «якшанбалик», «йигирма», «қирқ», «ҳайитлик», «йил оши», «пул тарқатиш», «мато улашиш» каби расмиятлар тақиқланиб, фақат зарурий диний ва миллий урф-одатлар сақланиши белгиланди.
Дастур нафақат сарф-харажатларни тежашга, балки маънавий муҳитни софлаштириш ва миллий қадриятларни асраб-авайлашга қаратилган. Бу орқали оилавий маросимлар содда, мазмунли ва маърифатли ўтишини таъминлаш кўзда тутилмоқда.