Олий Мажлис депутати: «Тадбиркорлар эътирози — мавжуд муаммоларга берилган баҳо»

08:20 | 4 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда қурилиш соҳаси ҳали ҳам коррупция хавфларидан тўлиқ халос бўлмаган, деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ва «Юксалиш» ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродов.

Bobur bekmurodov

Унинг таъкидлашича, тадбиркорларнинг норозилиги соҳадаги ислоҳотлар зарурлигини кўрсатади. Бобур Бекмуродов ўз фикрини қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги тадбиркор Усмонжон Абдусаматов устидан Ички ишлар органларига шикоят аризаси киритгани маълум бўлгач билдирди.

Абдусаматов қурилиш соҳасида катта миқдорда пора олиниши ҳақида маълум қилган эди.

«Қурилиш соҳасида коррупциявий ҳолатлар ҳақида гапирган тадбиркор устидан Қурилиш вазирлиги ички ишлар органларига шикоят киритгани муҳокама қилинмоқда.

«Авваламбор айтиш керакки, қурилиш соҳасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шубҳасизки, соҳада бюрократик тўсиқлар бартараф этилмоқда, кўплаб жараёнлар рақамлаштирилган ҳолда, инсон омили камайтирилиб борилмоқда.

Бироқ, соҳани коррупциядан тўлиқ ҳоли деб айта олмаймиз.

Бежизга, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қурилишни коррупциясиз соҳага айлантириш топшириғи берилмаган эди. Бу борада Президентимиз лойиҳа, тендер, қурилиш ва объектни қабул қилиш билан боғлиқ барча жараёнларда коррупция ҳолатлари учраб турганлигини танқид остига олган эди.

Вазирлик жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун мавжуд механизмлардан фойдаланмаяпти.

Масалан, Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашида бор йўғи 2 та нодавлат нотижорат ташкилоти бор.

Ваҳоланки, Президент фармони билан бу талаб камида 50 фоиз этиб белгиланган. Кенгаш орқали мавжуд муаммолардан узилиб қолмасдан, уларни доимий кузатиб, таҳлил қилиб бориш имконияти мавжуд.

Шунинг учун, тадбиркорнинг эътирозларини — соҳага эмас, мавжуд муаммоларга берилган баҳо сифатида қараш лозим. Ва аксинча, билдирилган танқид ортидан рухсат бериш жараёнларининг шаффофлигини янада ошириш, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш керак деб, ҳисоблайман.

Бу вазиятда вазирлик тадбиркор билан учрашиб, муаммоларнинг ечими юзасидан таклифларини олиши энг тўғри йўл», деб ёзган депутат ўз каналиди.

Аввалроқ Бизнес-омбудсман номидан Тадбиркор танқид учун жазоланмаслиги кераклиги ҳақида расмий муносабат эълон қилинган эди.