Ўқишга кира олмаган абитуриентлар учун олий таълимга қўшимча имкониятлар яратилди

11:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси мажлисининг тегишли баёни тасдиқланди.

Talabalar

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси мажлисида абитуриентлар учун қўшимча имкониятлар белгилаб берилди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инноватсиялар вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, бакалавриат таълим йўналишларида вакант қолган ўринлар бўйича қўшимча танлов ўтказилади. Бу танловда 56,7 балл ва ундан юқори натижа кўрсатган, аммо талаба сифатида қабул қилинмаган ёшлар иштирок этади.

Шунингдек, иккинчи босқичда олий таълим муассасаси ёки йўналиш танламаган абитуриентларга ҳам ўқиш имконияти яратилади. Қарорга мувофиқ, кириш имтиҳонлари натижалари асосида ёшлар учун табақалаштирилган тўлов-контракт тизими жорий этилади.

Қорақалпоғистон ёшлари учун алоҳида грант ва тўлов-контракт асосидаги қўшимча ўринлар ажратилди. Бу орқали ҳудуд ёшларининг олий таълим билан қамров даражаси оширилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, республикамизда фаолият юритаётган хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларига ҳам давлат буюртмалари тасдиқланди. Бу эса рақобат муҳитини кучайтириш ва сифатли таълим имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Президент гранти учун ажратилган квоталарнинг таълим йўналишлари бўйича тақсимоти ҳамда давлат олий таълим муассасалари магистратурасига қабул натижалари ҳам маъқулланди. Мазкур қарор ёшларни олий таълим билан қамраб олишни янада кенгайтириш ва тенг имкониятлар яратишга қаратилган.