Президент фармонига кўра, рўйхатга олиш 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар амалга оширилади. Тадбир 15 январ ҳолатига кўра ташкил этилиб, унда аҳоли сони, турмуш шароити ҳамда қишлоқ хўжалиги ресурслари ҳисобга олинади.
Мазкур жараённи мувофиқлаштириш учун республика комиссияси тузилади. Шу билан бирга, туман ва шаҳарларда махсус штаблар фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг иши қатъий назорат қилинади.
Рўйхатга олиш жараёнида «маҳалла еттилиги» тизими ходимлари ҳам фаол иштирок этади. Улар 2025 йил 15 декабрдан 2026 йил 1 мартгача даврда планшетлар орқали маълумот йиғиш ишларини амалга оширади. Бу жараённи Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Миллий статистика қўмитаси ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда ташкил қилади.
Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари 2026 йил 15–31 январ кунлари ўз тизимидаги барча ходимларни census.stat.uz портали орқали рўйхатдан ўтказишлари шарт қилиб белгиланди.
Аҳолини рўйхатга олиш 37 йил ортга сурилган жараён. Ўзбекистон бирор марта аҳолини рўйхатдан ўтказмаган ягона постсовет давлати. Режалар бир неча бор элон қилинган, ҳатто 2022 йилда Жаҳон банкидан 50 млн доллар кредит ҳам олинган. Бироқ жараён пандемия, маблағ етишмаслиги ва ташкилий сабаблар билан ортга сурилиб келмоқда.