Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдиалиев банк хизматлари бўйича омбудсман институтини жорий этиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, бу янгилик банклар ва тадбиркорлар ўртасида судгача етиб борадиган низоларни сезиларли даражада қисқартиради.
Турдиалиевга кўра, омбудсман хизмати Марказий банк аралашуви ва тушунтиришлари орқали дастлабки босқичда низоларни ҳал қилиш имконини беради. Бу эса банк хизматларидан фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш тизимини янги босқичга кўтариши мумкин.
Мазкур ташаббус Ислом молиясига оид қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнидаилгари сурилди. ЎзЛиДеП депутати Дилмурод Ортиқов стандартлар ва уларни тартибга солиш масалаларига тўхталди. Турдиалиев эса исломий молиявий хизматлар халқаро стандартларга асосланиши кераклигини қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, халқаро бухгалтерия ва стандартлар ташкилотлари белгиларига мос ишлаш хорижий инвесторлар учун ҳам аниқлик яратади. Шу билан бирга, келгусида Марказий банк ҳузуридаги Ислом молияси кенгаши ҳам худди шундай тарзда омбудсманга ўхшаш функцияларни бажариши мумкин.
Маълумот учун, Қозоғистонда банк омбудсмани мустақил шахс сифатида банклар ва жисмоний шахс қарз олувчилари ўртасидаги низоларни ҳал қилади. Россияда эса бу вазифани молиявий вакил бажаради.
Эслатиб ўтамиз, Vaqt.uz Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий қилишга оид ташаббуснинг асосий мақсад ва чекловларини, лицензия масаласидаги янгиликларни, шунингдек 2018 йилдан буён давом этаётган жараёнларни ҳамда ўзбекистонликларнинг бу хизматларга қай даражада эҳтиёжи борлигини таҳлил қилган эди.