Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг 8 ойи давомида 28,9 млрд метр куб табиий газ қазиб олинди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 фоизга кам. Шу билан бирга, нефт қазиб чиқариш ҳажми ҳам 10,43 фоизга пасайиб, 434,5 минг тоннани ташкил қилди. Газ конденсати ишлаб чиқариш эса 760,5 минг тоннага тенг бўлиб, 8,3 фоизга қисқарди.
Айни вақтда углерод ёқилғиси бозорида ижобий суръат кузатилди. Саккиз ойда 4,7 млн тонна кўмир қазиб чиқарилиб, ўтган йилга нисбатан 6,8 фоизга кўпайди.
Нефт маҳсулотлари ишлаб чиқаришда турлича натижалар қайд этилди. Автомобил бензини ҳажми 14,25 фоизга қисқариб, 770,3 минг тоннага етди. Бироқ дизел ёқилғиси ишлаб чиқариш 10,47 фоизга ўсиб, 785,8 минг тоннани ташкил қилди.
Мазкур кўрсаткичлар Ўзбекистон энергетика бозоридаги мувозанат ва таркибий ўзгаришларни кўрсатиб турибди. Газ ва нефт қазиб чиқаришдаги пасайиш, кўмир ҳамда дизел ишлаб чиқаришдаги ўсиш мамлакатнинг ички энергетик талаб ва экспорт имкониятларига таъсир кўрсатиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил январ–июл ойларида Ўзбекистонда 25,3 млрд метр куб табиий газ қазиб олиниб рекорд даражада камайган. Бу ўтган 8 йилнинг мос даврлари учун энг кам кўрсаткич ҳисобланади.