Ўзбекистонда Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги тузилади

14:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Агентлик тўқимачилик, чарм-пойабзал, ипакчилик ва гиламчилик саноати соҳаларида устувор йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи сифатида фаолият юритади.

To'qimachilik

Ўзбекистонда енгил саноат соҳасини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Президентнинг 2025 йил 19 сентябрдаги ПФ–174-сонли фармони қабул қилинди. Ҳужжатга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ташкил этилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Агентлик тўқимачилик, чарм-пойабзал, ипакчилик ва гиламчилик йўналишларида устувор стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш билан шуғулланади. Ушбу янги тузилма соҳада давлат сиёсатини мувофиқлаштирувчи асосий орган сифатида фаолият юритади.

Фармон билан Агентлик қошида Енгил саноатни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳам ташкил этилади. Жамғарма орқали соҳадаги корхоналар молиявий қўллаб-қувватланади.

Жумладан, 2025 йил 1 октябрдан бошлаб халқаро брендларни жалб қилиш, маҳсулотларни сертификатлаш ва молиявий ҳисоботларни халқаро стандартларга ўтказиш харажатлари қопланади. Шунингдек, экспорт шартномалари бўйича суғурта сарфлари ва мутахассисларни тайёрлаш учун грантлар ажратилади.

Фармон хорижий бозорларга чиқишни осонлаштиришни ҳам назарда тутади. Савдо уйларини очиш ва сақлаш, реклама кампаниялари ўтказиш, шунингдек, чет элда офис ва омбор биноларини ижарага олиш харажатларининг бир қисми давлат томонидан қопланади.

Бу ислоҳотлар енгил саноатда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш учун янги имкониятлар яратиши кутилмоқда.