Алишер Турсунов (Мубашшир Аҳмад)нинг суди яна қолдирилди
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туман судида, бугун 22 сентябрь куни кўрилиши лозим бўлган таниқли диний уламо Алишер Турсунов (Мубашшир Аҳмад) иши бўйича суд мажлиси 29 сентябр соат 14:00 га қолдирилди.
Ишни кўраётган судья Бобур Раҳимов «айни вақтда бошқа суд мажлиси бўйича маслаҳатга кириб кетгани» сабабли диний уламо Мубашшир Аҳмад иши бўйича суд мажлиси 29 сентябрга қолдирилди. Олдинги мажлисда прокурор Эркин Нарзуллаев суддан «7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш» ва «БҲМнинг 150 баробари миқдорида жарима» қўллашни сўраганди.
Одамларнинг буйрак ва жигари каби аъзоларини сотиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ ушланди
Тошкент шаҳри ва Тошкент, Фарғона, Бухоро ҳамда Қашқадарё вилоятларида яшовчи 12 нафар фуқародан иборат жиноий гуруҳ ижтимоий тармоқлар орқали буйрак ва жигар касалликларидан азият чекаётган беморларни топиб ва соғлом фуқароларни мўмай пул звазига ўз органини сотишга қизиқтириб, чет элдаги танишлари ёрдамида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали уларни гўёки қариндош сифатида кўрсатиб, қўшни давлатлардан биридаги хусусий клиникада жарроҳлик амалиётларини амалга оширишган. Уюшган жиноий гуруҳнинг 2023-2025 йиллардаги фаолияти давомида 32 нафар беморга буйрак ёки жигар тўқималари кўчириб ўтказилган.
Ўз навбатида, беморлардан олинган катта миқдордаги пул маблағларининг маълум бир қисми операция учун хусусий клиникага ҳамда донорларга берилган, қолгани эса ўзаро тақсимланган. Шунингдек, жарроҳлик амалиётидан кейин соғлиқларида ижобий ўзгариш бўлмаган беморларга оғриқни қолдириш мақсадида жиноий гуруҳ томонидан кучли таъсир қилувчи дори воситалари қиммат нархларда сотилган.
«20 фоиз битирувчи ишсиз, 30 фоизи эса оддий мутахассис» — «Эл юрт умиди» жамғармаси вакили
Vaqt.uz таҳририятига «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиантларининг Телеграм гуруҳида ўтказилган ва жамғарманинг рақамлаштириш ҳамда дата аналитика бўлими бoшлиғи Жасурбек Қайнарбековга тегишлилиги айтилган аудио етиб келди. Унда Қайнарбековнинг жамғарма битирувчиларига оид статистикалар, битирувчиларнинг ишга жойлашишидаги муаммолар, Ўзбекистондаги «негативлар» ҳамда жамғарма эндиликда стипендиантларга оид маълумотларнинг жамоатчиликка очиқламоқчи эмаслиги каби масалаларда гапирганини эшитиш мумкин.
Қайнарбеков телеграм орқали ташкил қилинган йиғилишда дастлаб «Эл-юрт умиди» жамғармаси битирувчиларининг ишга жойлашишидаги муаммолар ва шу йўналишдаги оғриқли статистика ҳақида гапиради.
«Ҳозир мисол учун битта нарсани очаман сизларга, статистика таҳлил қилдим. Энди у таҳлилларни сизларга ташлай олмайман. Шу кунга қадар 500 дан ошиқ стипендиат ўқишни битириб келган. Уларни тасаввур қилинглар, 20 фоиздан ошиғи ишсиз юрибди. Яъни бу my.mehnat.uz’дан тортилган маълумот. 27-30 фоизи оддий етакчи мутахассис бўлиб ишлаяпти. 157 нафари таълим соҳасида ишлаяпти, лекин лавозим жиҳатдан паст лавозимларда. Атиги 22 таси миллий даражадаги ташкилотларда ишлаяпти. 30 дан ошиғи бошқарма бошлиғи ёки департамент, ёки бўлим бошлиғи бўлиб ишламоқда», — дейди мутахассис.
Яна биринчи ўринда – бугун Тошкент дунёдаги ҳавоси энг ифлос шаҳар бўлди
Жиззах вилоятида ҳаво таркибидаги майда РМ–2.5 дисперс заррачалари қиймати миллий рухсат этилган стандартдан 7–8 баробар юқори аниқланди. Шамолнинг жануб–ғарбий йўналишда эсиши мазкур чанг массаларини Тошкентга ҳам олиб келмоқда.
Айни вақтда пойтахт ҳавосида РМ–2.5 заррачалари кўрсаткичи кескин ортиб бормоқда. Тошкент халқаро аэропортида ғубор сабабли кўриниш масофаси 5 км гача пасайган. Шамол тезлиги сониясига 4 метрга етгани учун Қозоғистон жануби ва Тошкент вилоятидан келаётган майда чанг шаҳар ҳавосини қопламоқда.
IQAir платформаси маълумотларига кўра, Тошкент дунёдаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рўйхатида биринчи ўринга чиқди. Пойтахтда PM10 заррачалари 395,7 мкг/м³, PM2,5 заррачалари эса 49 мкг/м³ даражада қайд этилган. Бу кўрсаткич ЖССТнинг 5 мкг/м³ меъёридан ўнлаб марта юқори.
Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 51 млрд доллардан ошди
Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2025 йилнинг январь—август ойларида 51,4 млрд долларга етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,8 фоизга кўпдир. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, экспорт ҳажми 22,9 млрд долларга, импорт эса 28,4 млрд долларга етган. Шу билан мамлакат ташқи савдоси 5,47 млрд долларлик манфий салдо билан якунланган.
Асосий савдо шериклари орасида Хитой (18,9 фоиз), Россия (16,1 фоиз), Қозоғистон (5,9 фоиз), Туркия (3,7 фоиз) ва Корея Республикаси (2,2 фоиз) етакчи ўринларда турибди. Экспортнинг 75 фоизини товарлар ташкил этган: саноат маҳсулотлари 11,1 фоиз, озиқ-овқат ва ҳайвонлар 7,8 фоиз, кимё маҳсулотлари 5,9 фоиз ҳамда минерал ёқилғи ва мойлар 4,4 фоизни ташкил қилди.