Ўзбекистоннинг олтин экспорти 69 фоизга ошди

17:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Жорий йилнинг январ–август ойларида Ўзбекистон олтин экспортини сезиларли даражада оширди.

Oltin

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йил январ–август ойларида хорижга етказиб берилган олтин ҳажми 8,42 млрд долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 68,9 фоизга кўпдир.

Олтин мамлакат экспорт таркибидаги улуши ҳам ўсди. Агар 2024 йилнинг биринчи саккиз ойида бу кўрсаткич 28,5 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилда 36,7 фоизга етди. Бу эса Ўзбекистон ташқи савдосида олтиннинг стратегик аҳамияти сақланиб қолаётганини кўрсатади.

Экспортдаги бундай ўсиш мамлакат ташқи савдо айланмасига ҳам таъсир кўрсатди. Жорий йилнинг январ–август ойлари мобайнида умумий ташқи савдо ҳажми 51,4 млрд долларга етди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,8 фоизга кўп бўлиб, 8,49 млрд долларлик ўсиш қайд этилди.

Олтин экспорти ҳажмидаги бу ўсиш мамлакат иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки у ташқи савдо балансини мувозанатда ушлаб туришга ва валюта тушумларини кўпайтиришга хизмат қилмоқда. Мутахассислар фикрича, бу кўрсаткичлар жаҳон бозорида олтин нархлари барқарорлиги ҳамда Ўзбекистоннинг етказиб бериш салоҳияти ортиб бораётганидан далолат беради.

Эслатиб ўтамиз, халқаро олтин кенгаши маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2025 йилнинг январидан июнигача дунёдаги энг йирик олтин сотувчисига айланди. Мамлакат ушбу даврда 27 тонна олтин экспорт қилган.