Россияда салқин ёз шашлик бозорига зарба берди

10:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Россияда ёзги мавсумда шашлик гўшти сотуви 11,3 фоизга камайди. Сотувчилар совуқ ҳаво ва аҳолининг тежамкорликка ўтиши маринадланган гўштга талабни пасайтирганини қайд этмоқда.

Shashlik

Аналитиклар маълумотларига кўра, май—август ойларида шашлик гўшти сотуви 11,3 фоизга камайди, пул ифодасида эса 7,4 фоиз пасайиш кузатилди. Январь—август даврида сотувлар 4,4 фоизга қисқарган. Шу билан бирга, сих, қўра ва ёқилғи каби товарларга талаб ҳам пасайгани таъкидланди, деб ёзмоқда «Коммерсантъ».

«Платформа ОФД» маълумотларига кўра, июнь—августда шашлик маҳсулотлари сотуви 5 фоизга, қўралар 15 фоизга, кўмир 6 фоизга камайди. Шу билан бирга, нархлар 10 фоизга ўсиб, шашлик тўплами ўртача 3,4 минг рублга етди.

Экспертлар асосий сабаб сифатида совуқ ёзни келтиради. «Черкизово» гуруҳи ҳам июн—августда гўшт маҳсулотларига талаб чекланганини таъкидлади. Чўчқа гўшти ва тайёр шашлик маҳсулотларига талаб сезиларли пасайди.

Бироқ аҳоли сўнгги пайтларда хом гўшт сотиб олишга кўпроқ мойил. «Нильсен» маълумотларига кўра, январ—июл ойларида хом гўшт сотуви 5 фоизга, пул ифодасида 11 фоизга ошди. Масалан, «Пятёрочка»да 250 минг тонна парранда ва 100 минг тонна қизил гўшт сотилди.

Мутахассислар фикрича, россияликлар маринадланган шашликдан кўра арзонроқ хом гўштни харид қилиб, уй шароитида тайёрлашга ўта бошлади. Бу эса аҳолининг харажатларни рационаллаштириш ва ортиқча сарф-харажатлардан воз кечиш тенденцияси билан изоҳланмоқда.