19 сентябрь куни соат 07:00 ларда Тошкент шаҳри Янгиҳаёт тумани Чоштепа кўчасида Yutong русумли 57-сонли электробус бекат ҳудудидан ўтаётган пиёдани уриб юборган. ЙҲХБ маълумотларига кўра, жабрланувчи 2007 йилда туғилган, 18 ёшли қиз бўлган. Унга ҳодиса жойидаёқ биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода пиёда қулоқчин таққан ҳолда йўлга чиққани акс этган. Шу сабабли у автобусни пайқамай, унинг ғилдираги остида қолиб кетган. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда
Шундан бир кун олдин, 18 сентябр куни соат 18:51 ларда пойтахтнинг Яккасарой туманидаги КҲАЙ кўчасида яна бир ЙТҲ содир бўлган. 62-автобус ҳайдовчиси тиқилинчдан қочиш мақсадида тез ёрдам учун ажратилган йўлакда 53 km/h тезликда ҳаракатланган ва йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборди. Тармоқларда тарқалган видеода йўловчи шундан сўнг бир неча метрга юмалаб кетганини кўриш мумкин. Жабрланувчи тирик қолган. Аммо жиддий жароҳатлар билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига етказилган.
Автобус ҳайдовчиларининг бундай шошилишига сабаб тирбандликлар ошгани ва жамоат транспорт воситалари ўз вақтида рейсларига етиб боролмаётгани сабаб кечқурун рейсларини олиб ташлаётгани, олиб ташласа, ойлик маошлари тўлиқ чиқмаётганлиги билан боғлиқлиги айтилмоқда.
«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ изоҳида пойтахтдаги барча 163 та автобус йўналиши ҳужжатлар билан тасдиқлангани, аммо тирбандликлар сабаб қатнов вақти ва интервалларда узилишлар бўлаётганини маълум қилди. Корхона кечикишлар ҳайдовчига боғлиқ бўлмаган ҳолатларда тегишли ҳужжатлар асосида ҳисобга олинишини қайд этди.
Икки ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ҳокимият органлари ҳайдовчиларни йўл қоидаларига қатъий риоя қилишга, пиёдаларни эса йўлни кесиб ўтишда эҳтиёткор бўлиш ва электрон қурилмаларга чалғимасликка чақирмоқда.