АҚШ президенти Доналд Трамп эртага, 23 сентябр куни Ню-Ёркда Туркия, Саудия Арабистони, БАА, Қатар, Миср ва Иордания раҳбарлари билан учрашув ўтказади. Axios манбаларининг маълум қилишича, саммит БМТ Бош Ассамблеяси доирасида бўлиб ўтади ва Ғазодаги урушни тўхтатиш ҳамда Исроил-Фаластин можаросининг келажагига бағишланади.
Портал маълумотларига кўра, Оқ уй араб ва мусулмон давлатларини урушдан кейин Ғазони тиклаш режасига жалб қилмоқчи ва ҳатто Исроил қўшинлари ўрнини босиш учун эксклавга уларнинг ҳарбий контингентини жойлаштириш имкониятини муҳокама қилмоқда.
Аввалроқ минтақа давлатлари, хусусан, БАА ўз ҳарбийларини Ғазога юбориш ниятида эмаслигини таъкидлаган эди. Бироқ, Абу-Даби Исроилнинг Фаластин ҳудудларини босиб олишида иштирок этмаслигини билдирган ва Ғазони Фаластин маъмурияти бошқариши кераклигини маълум қилган.
Axios’нинг аниқлик киритишича, саммит давомида Яқин Шарқ етакчилари, ўз навбатида, Трампдан Исроил бош вазири Бинямин Нетаняхуга жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ва босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги Фаластин ҳудудларини аннексия қилишдан бош тортиш учун босим ўтказишни сўрамоқчи.