Украина дрон ҳужумлари билан Россияни музокарага мажбур қилади — Forbes

09:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Forbes таҳлилчиси Викрам Митталнинг таъкидлашича, Украина Россия нефт қайта ишлаш заводларига йўллаётган дрон зарбалари орқали ўз қўлида кучли «қарталар» тўплаб бормоқда.

Russian oil plants

Мутахассис эслатишича, йил бошида тинчлик музокаралари тўхтаб қолганида президент Доналд Трамп каби баъзи сиёсатчилар Киевнинг қўлида кучли имкониятлар йўқлигини айтишган эди. Бироқ август ойидаги йирик дрон ҳужумлари Россиядаги нефтни қайта ишлаш қувватларининг 17 фоизини ишдан чиқариб, мамлакат иқтисодиётига жиддий зарба берди. Сентябрда ҳам ҳужумлар давом этди.

Натижада, Россияда бензин танқислиги юзага келди ва нархлар кўтарилди. Шу билан бирга, экспорт ҳам қийинлашди: халқаро харидорлар янада барқарор етказиб берувчиларга мурожаат қила бошлади. Forbes қайд этганидек, бу ҳолат Россия иқтисодиётини янада заифлаштирмоқда.

Россия ҳукумати ҳужумларга қарши курашиш ва заводларни тиклаш учун катта маблағ йўналтираяпти. Бу маблағлар аслида фронтдаги операциялар учун ишлатилиши мумкин эди. Шу тариқа, дрон зарбалари нафақат иқтисодий, балки ҳарбий имкониятларни ҳам чеклаяпти.

Forbes алоҳида таъкидлаган «Лютий» дронлари Украинада ишлаб чиқарилади ва улардан Россия ҳудудининг ичкари қисмида ҳам тўсиқсиз фойдаланиш мумкин. Уларнинг парвоз масофаси 2000 кмдан ошади, сунъий интеллект чиплари билан жиҳозланган ва аниқ зарбаларни таъминлайди.

Митталнинг фикрича, украин муҳандислари дрон технологияларида русларга нисбатан олдинда турибди. Агар бу устунлик сақланиб қолса, Киев Россия ичкарисида ҳарбий ва иқтисодий объектларни самарали равишда йўқ қилиш имкониятига эга бўлади.

Forbesʼнинг хулоса қилишича, Украина бу борада ҳозирча Россияга нисбатан стратегик устунликка эга. Давом этган зарбалар Москвадаги ички норозилик ва халқаро босимни кучайтирар экан, Кремл ахир-оқибат тинчлик музокараларига қайтишга мажбур бўлади.