Янги транспорт воситалари учун экологик сертификат талаблари бекор қилинди

13:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонга олиб кириладиган «М» ва «N» тоифалардаги ғилдиракли янги транспорт воситаларига энди экологик сертификат талаб этилмайди. Бунинг учун импортчи «Ўзстандарт»га автомобил Euro-4 стандартидан кам эмаслигини тасдиқловчи ҳужжатларни топширса бас.

Electrocar

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Республикада ғилдиракли транспорт воситаларининг экологик тоифа талабларига мувофиқлигини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, мамлакатга олиб кириладиган «М» ва «N» тоифадаги ғилдиракли янги транспорт воситалари учун экологик тоифа талабларига мувофиқлигини алоҳида экологик сертификатлаш тартиби бекор қилинди.

Энди ушбу транспорт воситаларининг экологик талабларга мувофиқлиги 2017 йил 25 апрелдаги 237-сон қарор билан тасдиқланган «Муомалага чиқарилаётган ғилдиракли транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент» асосида баҳоланади. Мос талаблар транспорт турини маъқуллаш ва мувофиқлик сертификатларида акс эттирилади.

Шу билан бирга, электр двигателлари билан жиҳозланган ғилдиракли транспорт воситалари (ҳибрид – ички ёнув двигатели ва электр моторида ҳаракатланувчи автомобиллар бундан мустасно) экологик тоифа талаблари бўйича умуман баҳоланмайди.

Мазкур ўзгаришлар 2025 йил 27 февралда қабул қилинган Президент қарори (ПҚ–78) ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда. Унинг асосий мақсади хизматлар соҳасида барқарор ривожланиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва тартиб-таомилларни соддалаштиришдан иборат.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда автомобиллардан атмосферага чиқаётган ифлослантирувчи моддалар ташламаларини камайтиришга қаратилган «Экологик транспорт» тизими амалда кечроқ ишга туширилиши ҳақида хабар берган эдик. Ҳукумат қарорига кўра, аввал 2024 йилдан бошланиши режалаштирилган «Экологик транспорт» тизими навбатдаги кечиктиришдан сўнг 2026 йил 1 январдан жорий этилади. Дастурнинг мақсади — автомобиллардан чиқаётган ифлослантирувчи моддаларни қисқартириш ва экологик назоратни кучайтиришдан иборат.