Америка махфий хизмати БМТ саммити олдидан хавфли таҳдидни аниқлади

21:20 | 5 дақиқада ўқилади.

Манхеттенда 150 га яқин жаҳон етакчилари ташрифига тайёргарлик кўрилаётган пайтда АҚШ уяли алоқани ишдан чиқаришга тўсқинлик қилиш имконига эга яширин тармоқни аниқлади.

Oon

Тахминан 150 нафар жаҳон етакчилари Манхеттенга ташриф буюришга тайёргарлик кўраётган пайтда, «уяли алоқа минораларини ишдан чиқариш, 911 фавқулодда хизматига қўнғироқларни тўсиш ва алоқа тармоқларида тартибсизлик келтириб чиқариш қобилиятига эга» тизим аниқлангани маълум қилинди.

АҚШ махфий хизмати БМТ Бош ассамблеяси арафасида Ню-Ёрк атрофида кенг кўламли яширин телекоммуникация тармоғини аниқлади ва бартараф этди, Бу ҳақда CNBC хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, «уяли алоқа минораларини ишдан чиқариш, 911 фавқулодда хизматига қилинаётган қўнғироқларни тўсиш ва алоқа тармоқларида тартибсизлик келтириб чиқариш қобилиятига эга» тизим 150 га яқин жаҳон етакчилари Манхеттенга ташриф буюришга тайёргарлик кўраётган пайтда аниқланган.

Тармоқ 300 дан ортиқ СИМ-серверлардан ташкил топган бўлиб, улар БМТ қароргоҳи атрофидаги 55 км радиусда жойлашган 100 мингдан зиёд СИМ-карталарни бошқарган. Терговчилар фикрича, бу АҚШ ҳудудида аниқланган коммуникация инфратузилмасига қарши энг йирик таҳдидлардан бири ҳисобланади. Тизим шаҳардаги уяли алоқани бутунлай ишдан чиқариши мумкин эди.

Тармоқ Махфий хизматнинг юқори лавозимли ҳукумат амалдорларига қарши қаратилган телекоммуникация таҳдидлари бўйича олиб борилаётган кенг қамровли тергови давомида аниқланган. Серверлар оммавий қўнғироқлар ва хабарлар юборишга, маҳаллий тармоқларни ҳаддан ташқари юклаб юборишга ҳамда жиноятчиларнинг шифрланган алоқаларини яширишга қодир бўлган симуляцион мобил телефонлар базаси сифатида ишлаган.

Агентларнинг таъкидлашича, номаълум, бироқ аниқ бир давлат учун фаолият юритаётган жиноятчилар тизимдан уюшган жиноий гуруҳлар, картеллар ва террорчилик ташкилотларига шифрланган хабарлар юбориш мақсадида фойдаланишган. Тинтувда бир қатор серверлар ва СИМ-карталар жавонлари аниқланди — 100 мингдан ортиқ фаол карта ҳамда кўплаб фаоллаштирилиши кутилаётган карталар топилди. Тизим бир дақиқада 30 миллион атрофида матнли хабарларни юбориш қобилиятига эга бўлган.

АҚШ маъмурлари ҳозирча тармоққа алоқадор аниқ ҳукуматлар ёки жиноий гуруҳлар тўғрисида маълумот ошкор қилишмади.

«Биз гумонланувчиларни ва уларнинг мақсадларини аниқлаш бўйича ишларни давом эттирамиз. Хусусан, жаҳон етакчиларининг Ню-Ёркка расмий ташрифи пайтида БМТ Бош ассамблеяси ишини издан чиқариш ва ҳукумат ҳамда фавқулодда хизматлар алоқаларини тўхтатиб қўйиш уларнинг режаларида бўлган-бўлмаганини текширамиз», — дея таъкидлади Махфий хизматнинг Ню-Ёрк бўлими вакили.