Гутерришнинг таъкидлашича, Ғазо, Украина, Судан ва бошқа минтақалардаги қон тўкишлар ва можаролар халқаро ҳуқуқ нормалари ҳамда БМТ низоми принципларини жиддий равишда бузмоқда. У БМТ тузилганининг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилган Бош Ассамблея йиғилишида тинчлик бугун дунёда энг катта эҳтиёж эканини айтди.
«Тинчлик — энг зарур ва амалий мақсад. Аммо БМТ низоми принципларига ҳозирчалик ҳеч қачон бўлмаган даражада ҳужум қилинмоқда», — деди бош котиб.
У ўз нутқида глобал қашшоқлик кучайгани, иқлим ўзгаришлари тобора чуқурлашгани ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш сустлашганини қайд этди.
Фаластин масаласига тўхталиб, Гутерриш «Фаластинликлар учун давлат — бу мукофот эмас, бу уларнинг ҳаққи. Давлат тузишни уддалай олмаслик дунё бўйлаб экстремистларга совға бўлади», деб таъкидлади.
Гутерриш Ғазодаги фожиани ҳар соат ёмонлашиб бораётган, ҳуқуқий, сиёсий ва ахлоқий жиҳатдан қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат сифатида баҳолади. У бомбардимонлар, қама ва очликни қоралаб, зудлик билан доимий отишмаларни тўхтатишга чақирди.
«Икки давлат ечимидан бошқа йўл йўқ. Исроил ва Фаластин 1967 йилги чегаралар асосида, хавфсиз ва халқаро тан олинган ҳудудларда тинчликда яшаши керак», — деди у.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ анчадан бери фаластинликлар ва исроилликлар икки давлатли ечим юзасидан келишиб олгандан сўнг Фаластин давлатини тан олишга тайёр эканини билдириб келади. Бу ечим Исроил билан қўшни бўлган, Ғарбий соҳил, Шарқий Қуддус ва Ғазо секторида жойлашган мустақил Фаластин давлатини кўзда тутади. Яъни, 1967 йилги араб-исроил урушигача мавжуд бўлган чегараларга мос.