АҚШ Қозоғистонга 4,2 млрд долларлик локомотивлар етказиб беради

09:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Wabtec компанияси Қозоғистонга 300 та локомотивни етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. Контракт АҚШда 11 минг иш ўрни яратади.

Wabtec

Reuters хабарига кўра, америкалик Wabtec компанияси Қозоғистон билан 4,2 млрд долларлик келишувга эришди. Шартнома доирасида мамлакат давлат темир йўл компанияси «Қозоғистон Темир Йўли» (ҚТЖ) учун 300 та ES44Aci evolution сериясидаги юк локомотивлари етказиб берилади. Локомотивлар ўн йил давомида босқичма-босқич ишлаб чиқарилади.

АҚШ Савдо вазири Ҳовард Латникнинг таъкидлашича, битим Трамп ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг телефон орқали суҳбати ортидан имзоланди. У шартномани «тарихдаги энг йирик», деб атади ва бу келишув Америка инновацияларини илгари суриш, Техас ва Пенсилваниядаги минглаб иш ўринларини қўллаб-қувватлаш ҳамда Европа ва Осиёни боғловчи темирйўл алоқаларини кучайтиришини таъкидлади.

Маълумотларга кўра, контракт АҚШда 11 минг иш ўрни яратади. Латник бу келишувни «катта муваффақият тарихидан ҳам ортиқ» деб баҳолаб, уни икки давлат ҳамкорлигидаги янги босқич сифатида кўрсатди.

Қозоғистон президенти маъмурияти маълумотига кўра, Wabtec билан тузилган келишув локомотивларнинг мамлакат ичида ишлаб чиқарилиши ва уларга хизмат кўрсатишни ҳам ўз ичига олади. «Биз юк локомотивларини янги хусусиятлар билан ишлаб чиқарамиз ва уларнинг сервисини таъминлаймиз», — дейилган расмий баёнотда.

Қозоғистон Россия ва Хитой билан чегарадош бўлиб, Трампнинг АҚШга экспорт қилинадиган товарларга 25 фоизлик бож жорий этиши ортидан мураккаб савдо шароитига дуч келган эди. Тўқаев июль ойида Трампга савдо масалаларида конструктив мулоқотга тайёрлигини билдирган эди.