Доналд Трамп Шавкат Мирзиёевга ташаккур билдирди

08:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Uzbekistan Airways миллий авиакомпанияси Boeing авиасозлик компанияси билан 8 млрд долларлик битими имзолади

Uhy dreamliner

 АҚШ Президенти Доналд Трамп “Truth” ижтимоий тармоғида Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев билан суҳбати ва янги авиация шартномаси ҳақида маълум қилди.

«Шу ой бошида мен Ўзбекистоннинг Ҳурматли Президенти Шавкат Мирзиёев билан суҳбатлашдим. Бугун эса Президент Мирзиёевни Boeing билан КАТТА битим имзолагани билан табрикламоқчиман! 8 миллиард доллардан ортиқ қийматга эга ушбу келишувга кўра, Uzbekistan Airways 22 та 787 Dreamliner самолётини сотиб олади. Бу эса Қўшма Штатларда 35 мингдан ортиқ иш ўринларини яратади. Президент Мирзиёев ўз сўзига содиқ инсон ва биз яна кўплаб масалаларда биргаликда ишлашда давом этамиз! Ушбу масалага эътибор берганингиз учун раҳмат», деб ёзди Трамп.

Uzbekistan Airways матбуот хизмати маълумотига кўра, битим 14 та Boeing 787-9 самолётини харид қилиш ва яна 8 та лайнерни опцион тарзида олишни назарда тутади. Етказиб беришлар 2031 йилдан бошланади. Авиакомпаниянинг асосий мақсади — Тошкентни минтақавий транзит ҳаби сифатида ривожлантириш.

Boeing 787-9 модели юқори аэродинамика, композит корпус ва замонавий двигателлари билан ёқилғи сарфини сезиларли тежаш ва СО₂ чиқиндиларини камайтириш имконини беради. Шунингдек, Dreamliner йўловчилар учун қулайлик даражаси билан машҳур: пастроқ «кабина босими», оптимал намлик ва ҳаво ҳарорати узоқ парвозларни енгилроқ ўтказишга ёрдам беради.

Катта иллюминаторлар, LED ёритиш тизими ва тинч салон орқали йўловчиларнинг саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади. Моделда кўпроқ ўрин мавжудлиги эса узоқ масофали йўналишларда самарадорликни ошириш имконини беради.

Авиамутасаддилар фикрича, ушбу лайнерлар Тошкент аэропортида транзит марказини шакллантиришда ҳал қилувчи устунликка эга. Uzbekistan Airways ушбу келишув орқали нафақат миллий паркни замонавийлаштириб олади, балки глобал авиация бозорида рақобатбардошликни кучайтиради.