Магистр хотин-қизлар учун контракт тўловини қоплаш аризаси узайтирилди

23:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Энди аризалар 30 сентябрга қадар қабул қилинади.

Magistr

Магистр хотин-қизлар котракт тўловини бюджетдан қоплаш бўйича аризаларни 30-сентабргача жўнатишлари мумкин. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Давлат комиссияси баёни билан магистратура мутахассисликларига қабул натижалари тасдиқланди. Унга кўра, 2025/2026-ўқув йилида давлат ОТМлари магистратура мутахассисликларига умумий қабул параметрлари доирасида кундузги таълим шаклига — 16 286 нафар, кечкига — 657 нафар, масофавий таълим шаклига эса 335 нафар абитуриент талабаликка тавсия этилди.

Яна 987 нафар талабгор кундузги таълимга, 7 нафари кечкига ва 4 нафари масофавий таълимга қўшимча имтиёз билан тавсия этилди. Танлов натижаси қайдномалари уч кун муддатда олий таълим ташкилотларига белгиланган тартибда етказилади.

Шунингдек, базавий тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган ва таҳсил олаётган хотин-қизларнинг жорий ўқув йили учун контракт тўловини бюджетдан қоплаб бериш бўйича ариза беришнинг сўнгги муддатини 30-сентабрга қадар узайтиришга рухсат берилди. Олдин бу 15-сентабргача белгиланганди.

Ушбу имтиёз қуйидагиларга татбиқ этилмайди:

— аризани белгиланган муддатда тақдим этмаганлар;
— табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинганлар;
— нодавлат олий таълим муассасалари магистратурасида таҳсил олаётганлар.

Бунда талабгорлар ўзлари таълим олаётган ОТМ ректори ёки филиал директори номига ариза билан мурожаат қилишлари шарт. Белгиланган муддатдан кейин топширилган аризалар қабул қилинмайди.