Америка Қўшма Штатлари президенти Доналд Трамп Boeing корпорацияси билан умумий қиймати тахминан 8 миллиард долларлик шартнома тузилгани муносабати билан Ўзбекистонни табриклади. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари ўзининг Truth Social тармоғида ёзиб қолдирди.
«Шу ой бошида мен Ўзбекистон президенти ҳурматли Шавкат Мирзиёев билан суҳбатлашган эдим. Бугун мен Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни Boeing билан улкан битим имзолагани билан табрикламоқчиман! Uzbekistan Airways 8 миллиард доллардан ортиқ маблағ эвазига 22 та Boeing Dreamliner 787 самолётини харид қилмоқда», — дея ёзди у Truth Social ижтимоий тармоғида.
«Бу Қўшма Штатларда 35 мингдан ортиқ иш ўрни яратади. Президент Мирзиёев сўзининг устидан чиқадиган инсон ва биз бошқа кўплаб масалалар бўйича ҳамкорликда ишлашни давом эттирамиз», — дея қўшимча қилди Трамп.
Uzbekistan Airways хабар қилишича, самолётларни етказиб бериш 2031 йилдан бошланади, ушбу келишув компания учун Шимолий Америка, Европа, Яқин Шарқ ва Осиё-Тинч океани минтақасига узоқ масофали парвозларни йўлга қўйиш имконини беради.
BBCга кўра, Доналд Трамп иккинчи президентлиги муддатининг ҳам асосий мақсадини Make America Great Again — Американи яна буюк қилиш шиори остидаги ҳаракатларига бағишлаган, бутун дунёга эълон қилган «бож урушлари» сабаби ҳам шунда.
У Apple ёки АҚШнинг дунёга машҳур ширкатларидан хориждаги ишлаб чиқаришларини Америкага кўчиришни, америкаликларнинг ўзлари учун кўпроқ иш жойлари барпо этишни талаб қилаяпти, чет эл ширкатлари АҚШ ҳудудида завод-фабрика йўлга қўйишлари эвазига иқтисодий енгиллик ва имтиёзлар ваъда қилган.
Шунинг учун ҳам Ўзбекистоннинг саккиз миллиард долларлик, Қозоғистоннинг тўрт миллиард долларлик сармоялари Трамп кўнглига хуш ёқди.