Олтин нархи йил бошидан буён 31 марта рекорд нархни янгилади

13:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда 5 граммлик олтин қуйма нархи илк бор 7,6 млн сўмдан ошди. Марказий банк маълумотларига кўра, бу жаҳон бозоридаги нархлар ўсиши ва АҚШ ФРС ставкаси пасайиши билан боғлиқ ҳолатдир.

Oltin

23 сентябр куни 5 граммлик қуйма 7 млн 609 минг сўмга етди. Бу бир кун аввалги кўрсаткичдан 140 минг сўмга кўпдир. Бир грамм олтин нархи эса 1 млн 521 минг 880 сўм бўлиб, бир кунда 1,9 фоизга ошди.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йил бошидан буён ички бозорда олтин нархи 31 марта рекорд янгилади. Жорий йил бошидан буён нархлар 34,4 фоизга, ўтган йилнинг шу кунига нисбатан эса 37,2 фоизга кўтарилган.

Жаҳон бозорида ҳам ўсиш суръати юқори. Бир трой унция олтин 3747 доллар, яъни бир грамми 120,47 доллардан сотилмоқда. АҚШ Федерал резерв тизимининг фоиз ставкаларини 4–4,25 фоизга тушириши қимматбаҳо металларга талабни кучайтирди.

Ўзбекистонда 2018 йилдан буён аҳолига олтин тангалари сотила бошланган бўлса, 2020 йилдан қуймалар ҳам чиқарила бошлади. Экспертлар фикрича, бу механизм аҳолига янги инвестиция имкониятлари яратиб, жамғармаларни валютанинг таъсиридан ҳимоя қилади.